Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2024 йилда бюджетдан Маданият вазирлиги 1,1 трлн сўм, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги 1,8 трлн сўм олади
Келгуси йилда республика бюджетидан маданият соҳасини ривожлантириш учун жами 149,5 млрд сўм, спорт соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун эса 980 млрд сўм ажратилиши белгиланмоқда.
2024 йилда республика бюджетидан Маданият вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига қанча маблағ ажратилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилаётган масалалар, хусусан, “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, президент ва ҳукумат қарорларига мувофиқ қабул қилинган давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 2024 йилда жами 53,1 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Маданият вазирлигига 2024 йилда республика бюджетидан 1,1 трлн сўм, шу жумладан вазирликнинг жорий харажатларига 820,4 млрд сўм, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга 280 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маданият соҳасини ривожлантириш учун жами 149,5 млрд сўм ажратиш режалаштирилмоқда. Давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш учун 105 млрд сўм ҳамда хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кино ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд сўм, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказларини миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун 7,5 млрд сўм ажратилиши белгиланган.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги эса 2024 йилда республика бюджетидан 1,8 трлн сўм, шу жумладан, вазирликнинг жорий харажатларига 1,3 трлн сўм олади. Cпорт соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 980 млрд сўм ажратилиши белгиланмоқда. Олимпия ўйинларига самарали тайёргарлик кўришга 250 млрд сўм, Паралимпия ўйинлари учун эса 41 млрд сўм ажратилиши назарда тутилган.

Давлат бюджетида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишни кенгайтириш ва ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда субсидиялар учун 150 млрд сўм ажратиш белгиланмоқда. Маданий мерос агентлигига 213,5 млрд сўм, шу жумладан, агентликнинг жорий харажатлари учун 183,5 млрд сўм ажратилади. Маданий мерос соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун эса 131 млрд сўм ажратилиши режа қилинган.

Шунингдек, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар учун 125 млрд сўм миқдорида ҳамда давлат музейларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 6 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Мавзуга оид
17:31 / 20.04.2026
Ёшларнинг эҳтиёжи ва кутилмалари бўйича Миллий ёшлар индекси тузилади
12:22 / 25.03.2026
Давлат бюджетининг 2025 йилдаги ижроси. Дефицит – 39 трлн сўмгача қисқарди
21:00 / 11.01.2026
«Менинг мактабим» лойиҳасида овоз бериш босқичи бошланди
14:24 / 08.01.2026