Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Украинада кетаётган «махсус ҳарбий операция» бўйича ҳисобот берди.

Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари қарши ҳужум вақтида ҳеч нарсага эриша олмади ва катта йўқотишларга дуч келди.

«Чет эллик кураторлар томонидан тайёрланган қарши ҳужум пайтида Украина Қуролли кучлари ҳеч нарсага эриша олмади ва катта йўқотишларга дуч келди. Уруш бошланганидан бери Украина 383 минг ҳарбий хизматчини (ҳалок бўлганлар ва яраланганлар) йўқотди. Биз Полшадан 1427 нафар, Америкадан 466 нафар, Буюк Британиядан 344 нафар ёлланма аскарни ўлдирдик», деди Шойгу.

Шунингдек, вазир армияни қайта қуроллантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар олиб борилганини маълум қилди.

«Биз армияни қайта қуроллантириш бўйича мисли кўрилмаган қадамлар ташладик. Ҳарбий-саноат мажмуасининг қувватини 4 баробарга, танклар ишлаб чиқаришни 5,6 баробарга, учувчисиз самолётлар ишлаб чиқаришни 16,8 баробарга, артиллерия ўқ-дориларини 17,5 баробарга оширдик. Қўшинлар ҳамма нарса билан таъминланган. Илгари қуролларни ишлаб чиқиш учун 5-8 йил керак бўлган бўлса, ҳозир 4-7 ой давом этади. «Улуғ Ватан уруши»дан бери бундай бўлмаган», деди Шойгу.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбий технологиялари НАТО мамлакатларидаги технологиялардан устунлигини кўрсатди.

«Россия технологиялари НАТО мамлакатларидаги технологиялардан устунлигини кўрсатди. Ярадорларнинг омон қолиш даражаси сезиларли даражада яхшиланди, уларнинг 98 фоизи тузалиб кетди. Россия ҳарбийлари жасорат кўрсатмоқда: 320 минг киши мукофот олди, 272 нафари Россия Қаҳрамони унвонини олди. «Махсус ҳарбий амалиёт» армия ва халқни бирлаштирди. Ҳар куни бир ярим минг киши шартнома тузмоқда. Ҳақиқат тарафида бўлишни истовчи хорижлик кўнгиллилар сони етти баробар ошди», деди Шойгу.

Вазир 2024 йилда амалга ошириш режалаштирилган тадбирларни ҳам санаб ўтган.

«Махсус ҳарбий амалиёт» Россия ҳар қандай замонавий душманнинг ҳаракатларига жавоб беришга қодирлигини кўрсатди. Россия армияси дунёдаги энг яхши ўргатилган ва энг яхши жанговар тайёргарликка эга армия. У жангда исботланган энг илғор қуролларга эга. Тез орада қуролли кучлар сони бир ярим миллионга етказилади.

2024 йилга мўлжалланган вазифаларимиз: мақсадларга тўлиқ эришилгунга қадар «Махсус ҳарбий амалиёт»ни давом эттириш, Сурия ва Қорабоғда тинчлик сақланишини таъминлаш, «Сармат»ни ҳарбий навбатчиликка жойлаштиришни якунлаш, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар сонини 745 минг кишига етказиш. Армияни изчил ривожлантириш ва унинг салоҳиятини ошириш йўли давом этади», деди Шойгу.