Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларига Солиқ кодексининг 227-1-моддасига асосан қўлланилган жарималарни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Бу ҳақда 18 декабр куни Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида ўтган учрашувда маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоевнинг айтишича, қўмита ССП томонидан киритилаётган таклифни қўллаб-қувватлаган. Ҳисобдан чиқарилиши назарда тутилаётган жарималарнинг умумий суммаси 400 млрд сўмдан ошади.

Президент қарори лойиҳаси билан бирга, Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Унга асосан ушбу моддадаги жарима миқдорини корхона соф тушумининг 100 фоизидан 20 фоизга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу моддада кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни алоҳида классификация қилиш, ҳуқуқбузарликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб санкция қўллаш масалалари ҳам ўрганиб чиқилиши маълум қилинди.

Ҳозирда 227-1-моддага асосан қуйидагиларга оид қоидаларни бузиш ҳолатлари жаримага тортилмоқда:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • алкогол ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори воситалари, тиббий буюмлар, маиший техника (2024 йил 1 мартдан бошлаб газланган ва газланмаган сув, шарбатлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш.

Белгиланган жарима – реализация қилинган охирги ҳисобот чорагида олинган соф фойда миқдорига тенг.

Сўнгги ойларда тадбиркорларни ушбу модда асосида жаримага тортиш ҳолатлари кескин кўпайган. Жарима миқдорининг юқорилиги эса тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, 12 декабр куни Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши мазкур жаримани камайтиришни сўраб давлат раҳбари ва ҳукуматга мурожаат қилишга қарор қилган эди.