Тошкентда Амалиётга йўналтирилган илғор таълим технологиялари трансфери бўйича Инновацион хаб –ёшлар ташаббуслари маркази ташкил этилди. Мазкур хабнинг муҳим хусусияти Ўзбекистон ёшларининг дунёдаги амалиётга йўналтирилган энг илғор таълим технологияларидан фойдаланишини таъминлашдир. Инновацион хабда илк бор олий таълим муассасалари учун ҳам, мактабгача таълим муассасалари, ўрта мактаблар, техникумлар, коллежлар ва касб-ҳунар мактаблари, шунингдек фаолият юритаётган маҳаллий корхоналарда банд бўлган ёшлар учун ҳам мос бўлган амалиётга йўналтирилган универсал таълим воситалари тақдим этилади. Инновацион хабнинг технологик жиҳозлари дунёдаги амалиётга йўналтирилган энг илғор таълим технологияларини амалга оширишга имкон беради, масалан:

• “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлиги ва мутахассисликка кириш” ишлаб чиқаришга йўналтирилган таълим технологияси. Технология республиканинг техник олий ўқув юртлари, техникумлари, коллежлари ва касб-ҳунар мактаблари учун ишлаб чиқилган. Ушбу ишлаб чиқаришга йўналтирилган таълим технологияси Дуал таълим технологиялари ва Техник баҳолаш марказлари асосида ишлаб чиқилган. Техник баҳолаш марказлари (IACs) методологияси АҚШнинг 37 университетида жорий этилган ва АҚШ Энергетика вазирлиги томонидан молиялаштирилади. Марказлар талабалар кучлари билан саноатда қўллаш учун энергия тежаш технологиялари бўйича тадқиқотлар олиб борадилар. Яратилганидан бери IACs дастури энергия харажатларида 4,5 миллиард доллардан кўпроқ маблағларни тежашга имкон берди;

• Ихтирочилар ва мейкерлар учун очиқ муҳандислик майдони – ФабЛаб. ФабЛаб концепцияси Массачусетс технологик институти томонидан ишлаб чиқилган. ФабЛаб ёки рақамли ишлаб чиқариш лабораторияси – бу ижодкорлик, мураббийлик ва ихтиро учун жой, ўрганиш ва инновациялар макони. Ҳозирда ФабЛаб тармоғи дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидаги 1750 ФабЛаб лабораторияларини бирлаштиради;

• Мактаб ўқувчилари учун очиқ муҳандислик майдони – FabLearn, 21-аср мактабларида тадқиқотлар ва ўқиш қарашларини бирлаштиради. FabLearn очиқ муҳандислик майдони АҚШнинг Колумбия университети томонидан мувофиқлаштирилади. Дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган ушбу мактаб лабораториялари ўрта ва катта мактаб ўқувчилари қўлига рақамли ишлаб чиқариш ҳамда ихтирочилик ва инновациялар учун бошқа илғор технологияларни тақдим этади;

• CDIO концепцияси – Массачусетс технология институтида олимлар, ўқитувчилар ва саноат вакиллари иштирокида бошланган асосий муҳандислик таълимини ислоҳ қилиш бўйича йирик халқаро лойиҳадир. Ҳозирда эса CDIO концепцияси бутун дунё бўйлаб 120 дан ортиқ таълим муассасаларини бирлаштиради;

• Фан, технологиялар, муҳандислик ва математикани бирлаштирган STEM -таълими таълим ва ўқув жараёнига амалиётга йўналтирилган ёндашувни англатади. Бугунги кунга келиб, бу бутун дунё бўйлаб фаол ривожланаётган таълимни трансформация қилишнинг илғор воситаларидан биридир;