“Чақалоқнинг киндиги чирий бошлаганди” – Андижонда туғуруқ вақтида бола ва кейинроқ онаси ҳам вафот этгани айтиляпти
Асака туманидаги 1-туғуруқхона шифокорлари чақалоқ тирик туғилиб, кейин вафот этгани ҳақида маълумотнома берган. Бироқ яқинлари боланинг киндиги чириб қолгани, чақалоқ онанинг ичида анча олдинроқ ўлганини айтишяпти. Туғуруқдан 17 кун ўтиб, она ҳам вафот этган.
Асака тумани Янги Тўшқўрғон маҳалласида яшайдиган Наргиза Машрапова туғуруқдан 17 кун ўтиб вафот этган. Марҳума фарзандини 19 ноябр куни тумандаги 1-сон туғуруқ комплексида кесарча йўли билан дунёга келтирган. Шифокорлар маълумотномасига кўра, чақалоқ туғуруқ вақтида вафот этган. Оила аъзолари чақалоқ ва аёл ўлимига шифокорларнинг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги сабаб бўлганини иддао қилишяпти.
Маҳруманинг қайнонаси ва онаси воқеа тафсилотларини Kun.uz’га гапириб берди. Яқинларининг айтишича, аёл 5 ноябр куни ултратовуш текширувидан ўтказилади ва ҳомила сувининг камайгани сабаб шифохонага йўлланма берилади.
“Кейин келинимни Асака туманидаги Тўрттош (1-сон туғуруқ комплекси) туғуруқхонасига олиб бордим. Туғуруқ куни ҳали эрта деб қайтариб юборишди. 11 ноябрда яна олиб бордим. Гинеколог туғуруқ кунига ҳали вақт бор, олиб қолмаймиз, деди. Шунга қарамай келинимни шифохонада қолдирдим”, – дейди марҳуманинг қайнонаси.
Оила аъзоларининг айтишича, орадан 3 кун ўтиб, Наргиза Машрапова иситмалашни бошлайди. Бироқ шифокорлар томонидан етарли ёрдам кўрсатилмайди. Аёл иситма билан 18 ноябргача касалхонада ётади ва 19 ноябр куни операция қилинади. Аёлнинг яқинларига чақалоқ 1 пулс билан туғилгани ва кейин вафот этгани айтилади.
“Аммо болани кўмиш учун бизга беришганда киндиклари чирий бошлаган эди. Шу сабабдан у онасининг ичида кўп қолиб кетгани учун ўлган деб ўйладик ва жаноза ўқитиш ёки ўқитмасликка иккиландик. Кейин ўша куни туғуруқда қатнашган ҳамширалардан бирортасини топишга ҳаракат қилдик. Биз гаплашган ҳамшира бола ўлик туғилганини айтди, лекин бизга бола 1 пулс билан туғилди деб маълумотнома беришганди”, – дейди марҳуманинг қайнонаси.
Марҳума туғуруқдан 3 кун ўтиб яна иситмалай бошлайди.
“Иситмаси тушавермагач, 1 декабрда бошқа шифохонага кўчирдик. У ерда иситмасини туширишди. Кейин операция жойи яхши тозаланмагани учун қайта операция қилишга жўнатишди”, – дейди марҳуманинг онаси Одина Тожиматова.
1 декабр куни Наргиза Машрапова Андижон вилоят перинатал марказида операция қилинган. Операциядан кейин 7 декабр куни вафот этган.
“Болам 27 кун шифохоналарда ётди. Яхшироқ шифокорга кўрсатамиз, десак Асака тумани 1-туғуруқхонадаги шифокорлар ҳужжатини қилиб бермай овора қилишди, вақт йўқотдик. Биз 8 кун туғуруқхона кўчасида машина ичида ётиб турдик. Шифокорларнинг йўлини пойладик”, – дейди Тожиматова.
Kun.uz ҳолатни аниқлаштириш учун Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан боғланди. Масъуллар 2-3 кун ичида воқеа бўйича текширув ўтказилишини маълум қилди. Бироқ орадан 3 кун ўтган бўлса ҳам ҳолат ҳақида таҳририятга бирор маълумот берилгани йўқ.
Бундан ташқари, Асака туман прокуратураси чақалоқнинг ўлими бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Марҳуманинг яқинлари Асака туманидаги 1-туғуруқ комплексида жиддий текширув олиб борилиши, акс ҳолда бундай ҳолатлар кўпайишидан хавотирда эканини айтишмоқда.
Kun.uz Соғлиқни сақлаш вазирлигидан воқеа жойида текширув ўтказишини ва Андижон вилоят прокуратурасидан иш бўйича аниқ маълумот беришини сўраб қолади.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
20:49 / 19.11.2024