Жамият | 14:42 / 27.12.2023
17735
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги боғчада 2 ёшли болага тан жароҳати етказган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди

У Жиноят кодексининг 116-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида 2 ёшли болага қўпол ҳаракат қилиб, унга тан жароҳати етказган тарбиячига жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот котиби хабар бермоқда.

Ҳодиса 2023 йил 17 ноябр куни содир бўлган. Фуқаролардан бири Болалар омбудсманига мурожаат қилиб, Яккасарой туманидаги хусусий боғчада энага ёрдамчиси 2 ёшли ўғлига нисбатан қўпол ҳаракати қилгани, оқибатда боланинг қўли билагидан чиқиб, унга жиддий шикаст етганини маълум қилган.

Ўтказилган терговга қадар текшируви давомида тайинланган тиббий экспертиза юзасидан 2023 йил 18 декабр куни берилган хулосага кўра, болага оғирлик даражаси бўйича ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари етказилган.

Қайд этилишича, энага ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«Ўз ўрнида Болалар омбудсмани таълим ва тарбия вазифалари юклатилган масъуллар томонидан бола манфаатларига зид ҳаракатлар учун қонунан жавобгарлик чоралари кўрилиши юзасидан парламент назоратини қатъий равишда давом эттиради», дейилади Болалар омбудсмани хабарида.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид