Жаҳон | 11:01 / 27.12.2023
5709
2 дақиқада ўқилади

Украина Жаҳон банкидан 1,34 млрд доллар олди

Киев Жаҳон банкидан олинган пулларни, хусусан, Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларига тўловлар ва пенсиялар учун ишлатади. Траншнинг катта қисми - Япония томонидан кафолатланган кредит, қолган маблағлар - Норвегия, АҚШ ва Швейцария грантлари.

Фото: Shutterstock

Украина Жаҳон банкидан «Украинада барқарор бошқарувни таъминлаш учун давлат харажатларини қўллаб-қувватлаш» (PEACE in Ukraine) дастури доирасида яна 1,34 миллиард доллар миқдоридаги транш олди. Бу ҳақда 25 декабр куни Киевдаги Молия вазирлиги маълум қилди. Унга кўра, бу маблағ давлат бюджетининг хавфсизлик ва мудофаа соҳаси билан боғлиқ бўлмаган харажатлари, хусусан, пенсия тўловлари, шунингдек, Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати (ДФВХ) ходимларининг иш ҳақи учун йўналтирилади. 

Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ажратилган маблағнинг 1,086 миллиард доллари Япония ҳукумати томонидан кафолатланган Украинага зарур ёрдамни кўрсатиш мақсадли жамғармасидан (ADVANCE Ukraine) олинган. Траншнинг қолган қисми Норвегия (190 миллион), АҚШ (50 миллион) ва Швейцария (20 миллион доллар) грантларидан иборат. 

Халқаро ёрдам Киевга ижтимоий харажатларни таъминлаш имконини беради 

Украина молия вазири Сергей Марченко халқаро молиявий ёрдам «Украинанинг молиявий ва иқтисодий барқарорлигини қўллаб-қувватлашга муҳим ҳисса бўлиб, уруш даврида устувор ижтимоий харажатларни амалга ошириш имконини беради», деб таъкидлади. 

Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Киев кенг кўламли уруш бошланганидан буён биргина давлат бюджетини молиялаштириш учун халқаро ёрдам сифатида деярли 70 миллиард доллар олган. 

Мавзуга оид