Жаҳон | 09:07 / 27.12.2023
6518
3 дақиқада ўқилади

Залужний УҚК Марйинкадан чекинганини маълум қилди

УҚК бош қўмондони Валерий Залужний Украина армиясининг Марйинкадан олиб чиқилиши ва шаҳар ташқарисида мудофаа позициялари тайёрланиши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар аслида «энди мавжуд эмас».

Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters

Украина Қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Валерий Залужний Украина ҳарбийлари Донецк вилоятидаги Марйинка чеккаси ва қисман шаҳар ташқарисига олиб чиқилишини маълум қилди. «Марйинка чеккасига чекинганимиз ва шаҳар ташқарисида позицияларни ўрнатганимизда, менимча, ҳеч қандай резонансли нарса йўқ. Афсуски, уруш шундай кетмоқда», деди Залужний 26 декабр, сешанба кунги брифингда («Громадське»дан иқтибос).

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Россия армиясининг Марйинкадаги тактикасини Бахмутдаги жанглар билан солиштирди: «Биз ўз еримизнинг ҳар бир қисмини ҳимоя қиламиз. Бироқ душман снарядлари бу жойда тошлар билан, тупроқ билан ва жангчиларимиз билан қоришиб кетганида, аскарларимизнинг ҳаёти биз учун муҳимроқдир». Залужнийнинг сўзларига кўра, шиддатли жанглардан сўнг шаҳар шундай аҳволга келиб қолганки, у «энди мавжуд эмас». 

Залужний Авдийивка ҳақида: «Имкон қадар ҳимоя қиламиз»

Валерий Залужний Авдийивка учун жанглар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, рус армияси «энди кучларни жамлаш қобилиятига эга ва Бахмут билан қилган ишни икки ёки уч ой ичида яна қила олади». «Биз қанчалик кучимиз етса, шунча ҳимоя қиламиз. Аммо одамларни қутқариш маъқулроқ эканини тушуниш керак, кейин уни қайтариб олса бўлади», - дея таъкидлади Украина Қуролли кучлари бош қўмондони.

Бир кун аввал, 25 декабр куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга Россия Марйинка назоратини ўз қўлига олгани ҳақида ҳисобот берган эди. Таврия йўналишидаги мудофаа кучларининг бирлашган матбуот маркази вакили Александр Штупун телемарафонда жавоб бериб, «Марйинка учун жанг давом этмоқда», деди. «Ҳозир ҳарбийларимиз Марйинканинг маъмурий чегаралари ичида. Шаҳар бутунлай вайрон бўлган. Лекин Марйинка тўлиқ қўлга олингани ҳақида гапириш ноўрин», - деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид