Ўзбекистон | 10:28 / 29.12.2023
16475
2 дақиқада ўқилади

Бухорода “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси мансабдори 50 минг доллар пора олаётганда ушланди

Мансабдор вилоятдаги АЁҚШлардан бирига лицензия бериш ҳамда 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда олдиндан огоҳлантириш учун 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси пора олаётганда ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 28 декабр куни Бухоро вилояти прокуратураси, Департамент, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. ҳудуддаги АЁҚШлардан бирида ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, яна бир АЁҚШга эса фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш ҳамда 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, уни олдиндан огоҳлантириш эвазига 100 минг АҚШ доллари пора талаб қилган.

Мансабдор Бухоро шаҳар туғуруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Одинроқ ДХХ Хоразмда Миллий гвардия маркази бошлиғини, Тошкент шаҳрида адвокатни, Бухорода эса “ИИБ ходими”ни пора олаётганда ушлаганди.

Мавзуга оид