РФ Қора денгиз флоти қўмондонлиги Украина билан кенг кўламли урушга десант бўлинмалари тушириш, Одесса портига рейдлар уюштириш, соҳил бўйлаб амалиётлар ўтказиш ва юриш қилаётган қўшинлар қаноти ҳимоясини таъминлашни режалаштирган ҳолда кирганди. BBC Украина ҳарбий шарҳловчиси Кирилл Данилченко Қора денгиз ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар ривожини таҳлил қилди. 

«Москва» крейсери Россия Қора денгиз флоти флагмани эди. Украинларнинг «Нептун» ракетаси зарбасидан чўкиб кетмагунича

Бунинг учун Болтиқ ва Шимолий флотлардан тўртта йирик десант кема, шунингдек Каспий ва Болтиқ денгизидан денгиз пиёдалари баталёнлари қўшимча кучлар сифатида олиб келинганди.

Аммо Украина — ўз авиацияси, ОТРК (оператив-тактик ракета комплекслари), оғир реактив тизимлари ва масофадан миналаштириш имкониятларига эга бўлган мамлакат эди.

Шу туфайли русларни украинларга қарши енгил саёҳат кутмаётганди.

Россияликлар илк кунларда Одессани артиллериядан ўққа тутиб, украин соҳилларида радиолокация воситалари билан навбатчилик қилиб, «Калибр» ракеталари учириб, тезда Бердянск портини эгаллаб ва Украина ҳарбий-денгиз кучларининг Очаковдаги оператив марказига қанотли ракеталар билан оғир зарбалар йўллаш (ўшанда украин ҳарбийларининг жасадлари ғаввослар томонидан олиб чиқилганди) орқали дадил ҳаракат қилганди.

Аммо ғалабадан сармастлик узоқ давом этмади. Ва Украинанинг амалда ўз флоти йўқлигига қарамай шундай бўлди.

Россия флотининг йўқотишлари

Россия Қора денгиз флоти нималарни бошдан кечирди?

«Саратов» йирик десант кемаси урушнинг дастлабки даврида Бердянскда йўқ қилинганди, Россия буни бир йил ўтиб тан олди
  • Денгизда экипажсиз дронлар ҳужуми. Масалан, Новороссийскка қилинган рейд вақтида «Оленегорский горняк» йирик десант кемаси (Шимолий флотдан олиб келинган кема)га жиддий шикаст етказилди.
  • Бердянскдаги бошқа йирик десант кемаларга «Точка-У» ракеталари билан зарбалар: «Саратов»да ёнғиндан кейин детонация келиб чиқиши юк тушириш қисмини қўпориб ташлади ҳамда кеманинг ўзи денгиз тубига чўкиб кетди, «Цезар Куников» эса шу қадар шикастланишга учрадики, уни бир йил давомида таъмирлашга тўғри келди.