Иқтисодиёт | 10:00 / 30.12.2023
15332
3 дақиқада ўқилади

Микромолия ташкилотлари исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишни бошлаши мумкин

Марказий банкнинг "Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, микромолия ташкилоти исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиши учун ўзида шариат кенгашини ташкил этиши лозим. Мазкур талабни бажариш ўрнига микромолия ташкилоти кенгаш фаолиятини соҳага ихтисослашган уюшмалар ёки бирлашмалар ҳузурида ташкил этиладиган ва низом билан ўрнатилган талабларга мос келувчи аъзолардан иборат бўлган кенгашга аутсорсингга беришга ҳақли. Бунда микромолия ташкилоти аутсорсинг билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш учун жавобгар бўлади.

Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳамда кенгаш кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишда амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ва исломий молиялаштиришга оид стандартларда тақиқланган товарлар савдоси билан шуғулланиш ва фаолият турларини молиялаштириш тақиқланади.

Микромолия ташкилоти ўз мижозларига исломий молиялаштиришга оид хизматларнинг ўзига хос хусусиятлари ва улар билан боғлиқ таваккалчиликлар ҳақида тушунтириш беришлари шарт.

Исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишга оид шартнома тузишдан аввал микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида дастлабки шартнома тузилиши мумкин.

Дастлабки шартномада мижоз томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар бўйича бўнак тўлови амалга оширилиши назарда тутилиши мумкин.

Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар билан бир қаторда, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонун 4-моддасининг биринчи қисмида белгиланган бошқа хизматлар ҳам кўрсатилса, ушбу микромолия ташкилотининг исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти бўйича бухгалтерия ҳисоби алоҳида юритилиши лозим.

Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш доирасида тузиладиган шартномаларнинг низомда назарда тутилмаган бошқа шартлари қонунчиликка ва кенгаш кўрсатмаларига мувофиқ белгиланади.

Микромолия ташкилоти мижоздан тўловларни кечиктирганлиги учун тўлов ундирса, ундирилган тўловни алоҳида ҳисобварақда юритиши ва мижоз номидан хайрия мақсадларига йўналтириши лозим.

Мавзуга оид