Йил якунланар экан, барча соҳаларда сарҳисоблар қилинади, олдиндаги вазифалар белгиланади. Ташқи сиёсат соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.

Хўш, халқаро саҳнанинг тобора қизиб бориши билан ўтган 2023 йил Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун қандай ўтди, бу йил қайси ташқи сиёсий векторларни кучайтиришга эриша олдиг-у, қандай чақириқлар янгради?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” рукни бу борада сиёсий таҳлилчилар Улуғбек Ҳасанов, Наргиза Умарова ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Ўтаётган йил Ўзбекистон ташқи сиёсати учун қандай кечди?

Улуғбек Ҳасанов: — Якунланаётган йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатда дастурий ғояларни ва давлат раҳбари кўтарган ташаббусларнинг аксариятини амалга оширди. Кўтарилаётган ташаббуслар халқаро майдонда ўз аксини топмоқда ҳам.

17-18 май кунлари Сианда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Хитой саммитини оладиган бўлсак, Сиан декларациясида республикамиз ва Марказий Осиё давлатлари кўтарган ғоялар асосий ўрин тутади. Халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кучли ёндашув сифатида қабул қилинди, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги салмоқли нуқта бўлди.

Сентябр ойидаги Марказий Осиё ва АҚШ саммити ҳам юқори даражада бўлди. Давлат раҳбаримизнинг БМТдаги чиқишлари, Европа билан ҳамкорлик, Жанубий Осиё билан муносабатларда ривожланиш давомийлиги… Республикамиз кўтараётган масалалар нафақат Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам муҳим ўринга эга бўляпти.

Наргиза Умарова: — Ўтган ва олдинги йилларда ҳам Ўзбекистон халқаро майдонда ўзини фаол ва масъулиятли ўйинчи сифатида намоён этди. Фаоллик президентимизнинг, вазирлик ва идораларимиз вакилларининг ташрифларида ва бошқа давлат расмийлари ташрифларида кўринади. Масъулиятлилик шундаки, Ўзбекистон ташқи сиёсатда биринчи ўринда Марказий Осиёни белгилайди. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон ташқи сиёсатда илгари сураётган ташаббуслар фақат ўзимиз учун эмас, балки Марказий Осиё ривожланиши учун ҳам муҳим ҳисобланади. Соҳаларга эътибор берсак, Ўзбекистон Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган минтақа сифатида кўришни истаётганини кўрсатади.

Иккинчи муҳим йўналиш эса хавфсизлик масаласи. Дунёда мураккаб жараёнлар кетаётган бир пайтда минтақа хавфсизлигини таъминлаш муҳим устувор йўналиш экани таъкидланмоқда.