— Украина учун Россияда Starlinkʼдан фойдаланиш имкони берилса, нима ўзгаради?
Шавкат Саидов: Starlink’дан Россия ҳудудида фойдаланиш учун, аввало, компания эгаси Илон Маскнинг рухсати керак. Ҳозирча Украинада хизматдан фойдаланишга рухсат берилган, бироқ Россия ҳудудида бундай имконият мавжуд эмас. Агар Украина Россия ҳудудида ҳам Starlink’дан фойдаланиш имконига эга бўлса, бу унга муайян устунлик бериши мумкин.
Чунки Starlink маълумотларни узатиш, қайта ишлаш ва йўналтириш имкониятлари бўйича энг илғор сунъий йўлдош тизимларидан бири ҳисобланади. Бу тизимнинг минглаб сунъий йўлдошлари бор.
Россияда ҳам Starlink’ка муқобил тизим яратиш ҳаракатлари бор. Жумладан, “Рассвет” лойиҳаси ҳақида маълумотлар мавжуд, бироқ унинг имкониятлари Starlink билан тенглаша олмайди. Очиқ манбаларда Россиянинг ушбу йўналишдаги сунъий йўлдошлари сони ва хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳақида турлича маълумотлар учрайди.
Starlink’дан фойдаланиш имконияти чекланган шароитда, Украина Россия ҳудудидаги вазиятни кузатиш ва маълумотларни узатишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Агар бу чеклов олиб ташланса, Украина Қуролли кучлари учун разведка маълумотларини олиш ва уларни тезкор узатиш имкониятлари кенгаяди. Бу эса ҳарбий ҳаракатларда муайян устунлик бериши эҳтимолдан холи эмас.
Бугунги урушда сунъий йўлдош алоқаси ва маълумотлар оқими жуда муҳим. Уларсиз жанг майдонидаги вазиятни кузатиш, нишонларни аниқлаш ва ҳарбий бўлинмалар ҳаракатини мувофиқлаштириш анча қийинлашади. Шу маънода, Украинанинг Starlink’дан Россия ҳудудида ҳам фойдаланиш имкониятини сўраши бежиз эмас.
Камолиддин Раббимов: Украина Starlink эгаси Илон Маск билан бир неча бор музокара ўтказган, бироқ ҳозирча келишувга эришилмаган. Киев Starlink’дан бутун Россия ҳудудида фойдаланишни сўрамаяпти. Украина чегарасидан Россия ҳудудига қараб тахминан 200 километр масофадаги ҳудудда ушбу тизимдан мудофаа мақсадида фойдаланишга рухсат берилишини истаяпти.
Украина томонининг мақсади – ўз ҳудудига учирилаётган ракеталарни аниқроқ кузатиш ва уларни нишонга олиш имкониятларини яхшилаш. Киев буни Россия шаҳарлари, жумладан, Москва ҳудудига ҳужум қилиш учун эмас, балки мудофаани кучайтириш учун кераклигини таъкидламоқда. Бироқ Украина ҳозирча Илон Маск билан келиша олгани йўқ. Сентябр ойида БМТ саммити доирасида Володимир Зеленский Доналд Трамп билан учрашганида ҳам бу масала кўтарилган. Трамп эса Украина Starlink масаласида Илон Маск билан ўзи келишиши кераклигини айтиб, бу жараёнда гўёки унинг роли йўқлигини билдирган. Аслида эса масала сиёсий қарорга ҳам боғлиқ. Агар Трамп истаса, АҚШнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, бу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин.













