Олтин 1979 йилдан кейинги энг катта йиллик нарх ошишига эришди ва бу Ўзбекистон иқтисодий ҳаётининг жорий йилги мундарижасини белгилаб берди. Хусусан, сўм долларга нисбатан ҳайратланарли даражада мустаҳкамланди. Шунингдек, 2025 йил 1 май санаси янги протекционистик чоралар билан тарихга кирди: утилйиғим каррасига қимматлашди, божсиз товар олиб кириш лимити камайди.
2025 йил Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 7 фоизни ташкил этиб, йил якуни бўйича 145 млрд долларга етиши кутиляпти. Камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Инфляция 7,3 фоизгача пасайиши мумкин. Kun.uz якунланаётган йилда Ўзбекистон иқтисодиётида юз берган асосий тенденцияларга эътибор қаратади.
Сўм мустаҳкамланиши
Ўзбек сўми йилни долларга нисбатан 6,8 фоизлик мустаҳкамланиш билан якунлаяпти. Йил бошида долларнинг кўтарилмасдан, аксинча пасайишини тасаввур қилиш жуда қийин эди. Чунки йиллар давомида доллар доимо ўсади, арзонлашмайди деган қараш шаклланган эди. Феврал ойида курс биринчи марта 13 минг сўмдан ошганди ҳам. Аммо, маълум бир иқтисодий шарт-шароитларда энг қудратли валюталар ҳам ўз қийматини йўқотишига гувоҳ бўлдик.
Йил давомида сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилди. Ўз навбатида, чегарадан божсиз олиб кириш лимитларининг камайтирилиши – валюта кирими ва чиқими ўртасидаги фарқни янада кенгайтиришга хизмат қилди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши фонида Ўзбекистон иқтисодиётидаги долларлашув даражаси сезиларли қисқарди, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам камайди. Таққослаш учун, сўм долларга нисбатан 2021 йилда 3,4 фоизга, 2022 йилда 3,6 фоизга, 2023 йилда 9,9 фоизга, 2024 йилда эса 4,7 фоизга ўз қийматини йўқотганди.
Олтин нархининг ошиши
Йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётига энг катта таъсир кўрсатган омиллардан бири – олтин нархининг кескин кўтарилиши бўлди. Одатда олтин нархининг ўсиши иқтисодий ёки сиёсий босимлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, 2008 йилги глобал молиявий инқироздан кейин қимматбаҳо металл 1000 долларга, пандемия даврида 2000 долларга, жорий йилнинг мартида Трамп маъмуриятининг радикал бож сиёсати фонида 3000 долларга чиққанди. Жаҳон савдосида ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизимининг мустақиллиги атрофидаги хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайгани сабаб октябр ойида нархлар 4000 доллардан ошди. Декабр ойига келиб эса қимматбаҳо металл баҳоси 4500 доллардан ҳам кўтарилди. Олтин 2025 йилда 70 фоизга қумматлашди, бу – охирги 46 йил ичидаги энг катта ўсиш.














