Жаҳон | 08:26 / 03.01.2024
7827
2 дақиқада ўқилади

Украина ғарбни янги қуроллар етказиб беришга чақирди

Россиянинг ўққа тутиши кучайганига жавобан ғарб Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаши ва РФни кучлироқ изоляция қилиши керак, дея баёнот берди мамлакат ТИВ.

Фото: Gregory Freni / Mediacentrum Defensie

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киевни қўллаб-қувватлаётган давлатларни кучайиб бораётган Россия ҳужумларига янги қурол-яроғлар билан жавоб беришга чақирди. Халқаро ҳамжамият Украинага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштириши, Киевни барча турдаги ҳарбий дронлар ва 300 кмдан ортиқ масофага учадиган ракеталар билан таъминлаши керак, деди сешанба, 2 январ куни эълон қилинган баёнотда ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба. Бундан ташқари, ғарб давлатлари музлатилган Россия активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланишни ҳамда «россиялик дипломатларни тегишли пойтахтлар ва халқаро ташкилотларда изоляция қилишни» маъқуллаши керак», деб ёзди Кулеба.

«Москвадаги режим халқаро ҳамжамият Украина фуқароларининг ўлдирилиши ва Украинанинг муҳим инфратузилмаси вайрон бўлишига кўз юммаслигини ҳис қилиши керак», — дейилади баёнотда. 

Россия Украинага йирик ракета зарбаларини берди 

2 январ куни эрталаб Россия армияси Украинага турли турдаги 99 та ракета, жумладан, «Кинжал» аэробаллистик ракеталари ва «Калибр» қанотли ракеталарини учирди. Украина ҳарбийлари 72 та ҳаво нишонини уриб туширишга муваффақ бўлди. Ҳужум оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, 92 киши яраланди. Асосий зарба Киев ва Киев вилоятига берилди. Фуқаролик ва муҳим инфратузилма, саноат ва ҳарбий объектларга ҳужум қилинди, деди Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний. 

Унинг сўзларига кўра, Россия 29 декабр куни амалга оширилган «кенг кўламли ҳаво ҳужумини» амалда такрорлади. Украина қўмондонлиги бу ўққа тутишни уруш бошланганидан бери «энг йирик ҳаво ҳужуми» деб атаганди. 29 декабр куни Киев, Днипро, Запорижжя ва Одессада ракета ҳужуми оқибатида жами 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Жабрланганлар сони 160 кишидан ошди. 

Мавзуга оид