Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Қозоғистон савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузади
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузади. Қўшма ташқи савдо компанияси орқали онлайн савдо майдончасини яратиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 5 январ куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган сармоявий битимлар ва савдо шартномаларини амалга ошириш «Йўл харитаси» бўйича амалда олиб борилаётган ишлар, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш истиқболлари ва жорий лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши таъкидлаб ўтилди. Сўнгги 6 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 2016 йилдаги 1,9 миллиард доллар 2023 йилда 4,6 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширишни келишиб олди.
Хусусан, ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинди. Томонлар, шунингдек, икки мамлакат бозорларида кенг турдаги товарларни сотиш учун онлайн савдо майдончасини ўз ичига олган UzKazTrade қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

«Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш юзасидан конструктив фикр алмашилди. Марказни ташкил этиш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якуни бўйича томонлар икки томонлама кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини тасдиқлади ва эришилган келишувларни жадал амалга ошириш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берди.
Мавзуга оид
14:02
Қозоғистонда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
17:53 / 08.06.2026
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюрмоқчи
00:26 / 08.06.2026
Қозоғистон-Россия чегарасида автомобиллардан иборат кўп километрли тирбандлик юзага келди
09:00 / 03.06.2026