Глобал жануб лидерларидан бири Ҳиндистон барқарор ўсиш зинасидан тўхтамай илдамлаяпти. Хўш, Деҳлининг катта куч марказлари билан муносабатлари қандай шаклланган? Ҳиндистон ташқи сиёсатида юмшоқ кучнинг аҳамияти қандай? Ҳиндистон – Марказий Осиё муносабатлари қайси манфаатларга асосланади?

“Геосиёсат” мавзунинг шу каби нуқталарини сиёсий таҳлилчи Наргиза Умарова ва шарқшунос таҳлилчилар клуби аъзоси Зилола Аҳмедова билан таҳлил қилди.

— Маълумки, Ҳиндистон иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти бўйича дунёнинг топ бешлигидан ўрин олган. Ҳиндистон бундай муваффақиятга қандай эришди?

Наргиза Умарова: — Ҳақиқатан ҳам Ҳиндистон қудрати ошиб бормоқда, асосан иқтисодиёт ва ҳарбий соҳада шундай бўляпти. Бу ҳам бўлса Ҳиндистон халқаро майдонда минтақавий ўйинчидан глобал ўйинчи даражасига кўтарилиб бориши билан боғлиқ. Баъзи экспертлар Ҳиндистон глобал ўйинчи эмас, дейишади, аммо шахсан мен глобал ўйинчи деб ўйлайман бир нечта параметрлар бўйича.

Ҳарбий қудрат ошиши иқтисодиёт ўсиши билан боғлиқ. Ҳозирги кунда Ҳиндистон энг кўп аҳолига эга давлат. Тўғри, дунё иқтисодиётидаги улуши АҚШ ва Хитойга нисбатан кам, аммо иқтисодий ўсиш темпи бўйича жуда катта кўрсаткичга эга. Ўтган йили иқтисодий ўсиш 6 фоиздан ортиқ бўлган. Агар шу темпда давом этадиган бўлса, яқин 10 йил ичида Ҳиндистон дунёнинг учинчи иқтисодий қудратига айланиши мумкин. 2070–2075-йилларда демографик ўсиш юқорилаган пайтда эса дунёнинг иккинчи, ҳатто биринчи иқтисодий кучига айланиши мумкин, деган таҳлиллар мавжуд.

Умуман, Ҳиндистон қандай глобал ўйинчи? У дунёда кризис ўчоқларини яратадиган ўйинчи эмас. Аммо иқтисодий ўсиш эвазига ҳарбий қудрат ҳам ошиб бормоқда, бу нормал ҳолат. Амбициялари кучайган давлатни тийиб туришга бўлган ҳаракатлар ҳам бўлади, шунинг учун ҳарбий қудрат хам оширилмоқда. Аммо Ҳиндистон ҳарбий техника ва қурол-яроғларни мустақил ишлаб чиқараётгани йўқ.

Зилола Аҳмедова: — Ҳиндистон мураккаб минтақада жойлашган. Узоқ муддатдан бери давом этаётган Покистон билан низолар, Хитой билан чегарадаги муаммолар ҳарбий соҳага катта эътибор қаратишга мажбур қилади. Йилдан йилга ҳарбий соҳага кўпроқ маблағ ажратяпти, бу йил ҳам 13 фоизга ошиб, 74 млрд доллар ажратган. Мудофаа саноатига ҳам эътибор бўляпти, 18 та корхона ҳарбий техникалар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, ҳарбий салоҳияти юқори давлатлар билан ҳамкорликка ҳам эътибор қаратади, яъни Россия, АҚШ, Исроил каби. Яна бир имконият омили демография, 2023 йил январ ҳолатига кўра, Ҳиндистонда ҳарбий хизматга яроқлилар сони 47 фоиз, фаол аскарлар сони эса 1,5 млн.