Ўзбекистон | 14:15 / 16.01.2024
9656
2 дақиқада ўқилади

100 минг ишчи касб-ҳунар ва тилга ўргатилиб, чет эл корхоналарига ишга юборилади

Президент бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бу мамлакатларга бор-йўғи 9 минг ишчи юборилган.

Фото: Gazeta.uz

Шавкат Мирзиёев 16 январ куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

«Ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланмоқда. Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 минг ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилди», — деган Шавкат Мирзиёев.

Президент шу муносабат билан ташқи меҳнат миграцияси тизимидаги ишларни лозим даражада ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига иш ўринларини яратиш ва аҳолини касбга ўқитиш борасидаги камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифасини топширди.

Бундан ташқари, йиғилишда 2023 йили 16 та туман ва шаҳарда доимий иш ўринларини яратиш режаси 70 фоизга ҳам бажарилмагани таъкидланди. Бандлик идоралари эса иш сўраб келган одамларга осонгина нафақа тайинлашга ўтиб олгани танқид қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид