Жаҳон | 15:31 / 17.01.2024
2625
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда россиялик сиёсатшунос жосусликда айбланиб ҳибсга олинди

Тарту университетининг собиқ профессори Россия махсус хизматлари учун ишлаганликда айбланмоқда. У икки ойга ҳибсга олинди.

Вячеслав Морозов Фото: University of Tartu

Россиялик сиёсатшунос Вячеслав Морозов Эстонияда Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб ҳибсга олинди. «Эстониянинг Харюс уезд суди Тарту университети собиқ профессори, Россия Федерацияси фуқароси Вячеслав Морозовни икки ойга ҳибсга олди, у 3 январ куни Эстонияга қарши Россия фойдасига разведка фаолиятида гумон қилиниб ушланган», деб хабар берди давлат прокурори Трийна Олев 16 январ, сешанба куни.

Ҳозирча тергов тафсилотлари ошкор қилинмаяпти. Мазкур ҳолат бўйича давлат прокуратураси кўрсатмаси бўйича Хавфсизлик полицияси департаменти томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Россия махсус хизматларининг Эстонияга қизиқиши 

Хавфсизлик полицияси бош директори Маргот Палоссон Морозов ҳибсга олинишини изоҳлар экан, Россия махсус хизматларининг Эстонияга қизиқиши юқорилигича қолаётганини таъкидлади. «Ҳозирги иш ўндан ортиқ олдинги ҳолатларга қўшимча бўлиб, Россия махсус хизматларининг Эстония ҳаёти турли соҳаларига, жумладан, илмий тадқиқот секторига кириб бориш истагини кўрсатади», деди у. 

Вячеслав Морозов Тарту университетининг Шютте институтида сиёсатшунослик профессори бўлиб ишлаган. Институт раҳбари Кристиина Тиниссон Rus.ERR порталига Морозовга нисбатан гумон пайдо бўлгач, у билан меҳнат муносабатлари тўхтатилганини тасдиқлади. 

Эстониянинг ETIS илмий ахборот тизими маълумотларига кўра, Вячеслав Морозов 2010 йилгача Санкт-Петербург давлат университетида ишлаган, кейин эса Тарту университети билан ҳамкорлик қилган. 2016-2023 йилларда Тартуда Европа Иттифоқи ва русшунослик кафедраси профессори, 2023 йил 1 сентябрдан 2024 йил 11 январгача халқаро сиёсат назарияси профессори лавозимларида ишлаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид