Аввалига Исроилни шартсиз қўллаши билан араб жамиятларида нуфузини йўқотган АҚШ кейинчалик Араб баҳори, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар ортидан араб элиталаридаги ишончни ҳам бой бера бошлади. Ғазодаги бешафқат уруш эса минтақада Америка таъсирини чеклашга бўлган интилишларни ортга қайтмас жараёнга айлантирди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича сиёсатини экспертлар Камолиддин Раббимов, Фарҳод Каримов ва Шавкат Икромов билан биргаликда кўриб чиқди.

— АҚШнинг Яқин Шарқ сиёсати ўзгариши негизи Исроилнинг Ғазога босқиними ёки бошқа омиллар ҳам борми?

Фарҳод Каримов: — АҚШда “Катта Яқин Шарқ” стратегияси бор, 90-йиллар бошида маълум қилинган эди. Биламизки, АҚШнинг қудрати дунё сиёсатида бир қанча минтақалардаги приоритетлари билан белгиланади, шундай муҳим ҳудудлардан бири Яқин Шарқ. Катта Яқин Шарқ стратегияси 2006 йилда янгиланиб, Янги Яқин Шарқ стратегияси вужудга келди, бу айнан ўша эски стратегиянинг ўзи, фақат приоритетлар ва тактикалар ўзгарди. Бу нарса ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Кандализа Райс томонидан эълон қилинган.

АҚШ учун Яқин Шарқнинг марказида Исроил туради, унинг атрофида стратегия қурилган. Шу маънода Ғазодаги, Ироқдаги, Суриядаги воқеалар ўша стратегиянинг бир қисми, шунинг учун ҳам катта ўзгаришлар бўлмайди, кичик тактик ўзгаришлар бўлиши мумкин. Қачонки Яқин Шарқдаги ўйинчилар ўзгарса, ўшанда катта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бугунги кунда минтақага Хитой омили кириб келяпти, илгари ҳимоячи сифатида фақат АҚШ чиқарди Яқин Шарқ масалаларида, энди суянадиган бошқа субъектлар ҳам пайдо бўляпти, бу эса ўйин қоидаларини ўзгартириб боради. Умуман, Ғазодаги ҳолат АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича стратегиясини ўзгартиради деб ўйламайман.

— Араб давлатлари жамияти ва элитасининг АҚШ билан муносабатларда тафовут борми, бу нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: — Бундай тафовут бор. Бундан олдин АҚШнинг ташқи дунёдаги сиёсий қарашларига тўхталсак. 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ учун Яқин Шарқ, араб давлатларининг аҳамияти ниҳоятда ошди. АҚШ Афғонистон ва Ироқда катта уруш олиб борди, лекин Обама ҳокимиятга келгач, бу урушлар катта тарихий хато бўлганини айтди. Сабаби эса биз уруш билан банд пайтда Хитой тинчгина иқтисодий ва геосиёсий ўсишга эришди, деди. Шундан сўнг Обама АҚШнинг доктринасини Яқин Шарқдан олиб, Хитой ва унинг атрофига қаратди. Бугунги кунда экспертлар АҚШни Яқин Шарқдан чиқиб кетаётган давлат дейишади. Кейинги 2 асрда коллектив Ғарб Яқин Шарқнинг ҳомийси, бошқарувчиси бўлиб келди. Лекин бугун дунёда геосиёсий вазият ўзгаряпти, АҚШ ичида изоляционизм кайфияти кучли, унинг мақсад ва приоритетлари ўзгармоқда. Шу пайтга қадар Яқин Шарқда асосий нефт ишлаб чиқарилар, АҚШ эса бу ҳудуднинг хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратган эди, аммо бугун энг катта нефт ишлаб чиқарувчи АҚШнинг ўзи. Қолаверса, АҚШнинг минтақадаги иштироки тушиб боряпти, чунки минтақа давлатлари билан муносабатлар бир қадар тушиб бормоқда. Шу фонда Саудия, БАА, Миср БРИКС ва ШҲТга ариза берди. Яъни минтақада АҚШдан тўйиниш, ишончсизлик ҳисси юқори. Энди араб давлатлари ҳеч қандай ҳомийларсиз мустақил ўйинчи бўлмоқчи.