Спорт | 13:55 / 22.01.2024
12106
3 дақиқада ўқилади

ESPN: Ўзбекистон «оқ бўрилари» футбол бўйича 2026 йилги ЖЧ юлдузига айланиши мумкин

АҚШнинг нуфузли ESPN спорт нашрида «Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионати юлдузига айланиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: Getty images

«Дунё» хабарига кўра, мақолада ФИФА 2026 йилда эркаклар ўртасида ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сонини 32 тадан 48 тага оширгани ёзилган. «Бу кўплаб миллий жамоаларга навбатдаги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини тақдим этади. Мазкур имконият шарофати билан кўплаб мамлакатлар дунёдаги энг йирик ва нуфузли спорт мусобақаси билан боғлиқ эътиборни ҳис қилиши, шунингдек, ўз давлатларида футбол ривожини сезиларли даражада ошириши мумкин бўлади», – дейилади мақолада.

ESPN’да эълон қилинган мақолада таъкидланганидек, Қатарда футбол бўйича Осиё кубоги бўлиб ўтяпти. ФИФА Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига чиқиш учун йўлланмалар сонини деярли икки баравар оширди ва улар тўрттадан саккизтага етди. Ўзбекистон ушбу ўзгаришларнинг асосий манфаатдорларидан бирига айланиши мумкин.

«Жаҳон чемпионатида мамлакатлар сонини кўпайтирмаган ҳолда ҳам Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда юқори, – дейди муаллиф. – Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасини «Оқ бўрилар» деб аташади. Мамлакат бош жамоаси Марказий Осиёда энг кучли ва Осиё футболида энг тез ривожланаётган жамоалардан биридир».

Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари сўнгги йилларда яхши натижалар кўрсатаётгани таъкидланган. «Масалан, ўтган йилнинг ноябр ойида қитъа миқёсида яримфиналга чиққан Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Индонезияда ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашди ва Англия терма жамоасини сенсацион тарзда мағлуб этди», – дея маълум қилинган манбада.

ESPN Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён бирор маротаба жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмаганини ҳам урғулаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон терма жамоаси 1996 йилдан бери ҳар бир Осиё кубоги финалига йўлланма олмоқда ва 2004 йилдан буён барча турнирларда плей-офф босқичига йўл оляпти, жумладан, 2011 йилда ярим финалга чиққан.

«2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ўртоқлик мақомидаги баҳсда АҚШга 3:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Мексика билан эса муроса йўлини танлади. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон «Оқ бўрилари» Шимолий Америкага реванш олиш учун яна қайтиш илинжида», – деб ёзган ESPN.

Мавзуга оид