23 январ тонгида россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. Украина ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, Киев, Харкив ва Днипропетровск областлари ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, бир аёл оғир аҳволда, яна 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.
РФ қўшини Украина бўйлаб жами 41 ракета учирган, бунда қанотли, баллистик, авиация ва зенит ракеталардан фойдаланилган, дея маълум қилди Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний. Унинг сўзларига кўра, украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 21 ракетани уриб туширган: Х-101/Х-555/Х-55 русумли 15 та қанотли ракета, «Искандер-М» комплексидан учирилган бешта баллистик ракета, шунингдек Х-59 русумли авиация ракетаси. Украина ҚК бош қўмондони тасдиқлашича, россияликларнинг баллистик траектория бўйича йўлланган барча ракеталари ҳам ўз нишонига етиб бора олмаган.
Украина пойтахтига бир неча босқичли ҳужум уюштирилди, дейди Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко. РФ қўшини аввалига Саратов областидан ҳавога кўтарилган стратегик бомбардимончилари билан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирган, кейин эса ердан баллистик ракеталар жўнатилган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «қарийб йигирмата» ракетани уриб туширган.
Зарбалар оқибатида пойтахтнинг бир қанча районлари жабрланган. Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Святошинский районида автомобиллар ёнган, кўп қаватли турар жойдаги квартиралардан бирида ёнғин чиққан. Шунингдек шу ва Печерский районида нотурар жойлар шикастланган. Соломенский районида турар жой биноси зарар кўрган, Дарницкий районида уриб туширилган ракета парчалари кўп қаватли уй томига ҳамда болалар боғчаси ҳовлисига тушган.
Шаҳар мэри Виталий Кличко Святошинский районидаги уй квартираларидан бирида портламай қолган ракетанинг жанговар каллаги аниқланган. Уйда яшовчилар эвакуация қилинган. Шу райондаги бошқа бир уйда парчалар биринчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган уйларнинг балконларини ҳамда тўртта квартирани зарарлаган.
Шаҳар ҳарбий маъмурияти маълум қилишича, Киев ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Кличконинг сўнгги маълумотларига кўра, шаҳарда 18 киши жароҳатланган: катта ёшли 10 киши ҳамда уч нафар бола шифохонага ётқизилган, 13 ёшли ўсмир ва тўрт нафар катта ёшли кишига воқеа жойида ёрдам кўрсатилган. Кличко қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотни рад этган. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакили бўлган бир аёл жонлантириш бўлимига ётқизилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Украина ИИВ томонидан кейинроқ берилган маълумотга кўра, Киев аҳолиси вакили бўлган бир аёл клиник ўлим ҳолатида қолмоқда, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашишмоқда. Яна 21 киши турли даражада жароҳатланган.

















