Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутатлари Озарбойжон делегацияси ваколатларини ратификация қилишдан бош тортди. Бундай қарорга давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши, мухолиф сиёсатчилар ва мустақил оммавий ахборот воситалари таъқиб этилиши, Тоғли Қорабоғда расмийлар ҳаракатлари ва Бокунинг Европа кенгаши кузатувчиларини президентлик сайловларига таклиф қилишдан бош тортгани сабаб бўлгани айтилади. «Ассамблея Озарбойжон делегациясининг ваколатларини тасдиқламасликка қарор қилди», дейилади ЕКПАнинг 24 январ, чоршанба куни Страсбургда қабул қилинган резолюциясида. Залда ҳозир бўлган 90 нафар депутатдан 76 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, 10 нафари қарши овоз берди, яна тўрт нафари бетараф қолди.
Инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги
Икки кун олдин, барча миллий делегациялар ваколатларини тасдиқлаш тартиби бўлиб ўтадиган ЕКПАнинг қишки сессияси очилишида социалистлар гуруҳи раҳбари, Германиядан депутат Франк Швабе Боку вакилларини ратификация қилишдан бош тортишни таклиф қилди. У бу таклифни Озарбойжон ҳаракатлари Европа кенгашининг ҳамкорлик тамойилларини бузаётгани билан изоҳлади. Швабе ташаббуси зарур миқдордаги ЕКПА аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди. Ассамблеянинг кузатув қўмитаси Бокуга қўйилган барча даъволарни ўрганиб чиқиб, Озарбойжон делегациясининг ваколатларини ратификация қилмасликни тавсия қилди. ЕКПА бу тавсияни инобатга олди.
«Ассамблея Озарбойжон Европа кенгашига қўшилганидан кейин 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ташкилотга аъзолигидан келиб чиқадиган асосий мажбуриятларини бажармаганидан афсусда», - дейилади резолюцияда. ЕКПА аъзолари эркин ва адолатли сайловлар ўтказилмаслиги, қонун чиқарувчи ҳокимият заифлиги, мустақил суд тизими йўқлиги ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан «жиддий хавотирда», дейилади маълумотда. Сиёсий маҳбуслар, оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги бузилиши ҳақидаги кўплаб хабарлар ҳам ЕКПА депутатларининг қарорига таъсир қилгани айтилади.
Алоҳида резолюцияда Лочин йўлагининг блокадаси ва Озарбойжон ҳукуматининг 2023 йил сентябр ойида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлари, бу ҳудуддан «бутун арман аҳолисининг чиқиб кетишига» олиб келгани ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, ҳужжатда Бокунинг ЕКПА билан мониторинг тартиби доирасида ҳамкорлик қилишдан бош тортгани, «хусусан, бўлажак президентлик сайловларини кузатиш учун таклифнинг йўқлиги, шунингдек, ассамблея маърузачилари билан ҳамкорлик кузатилмаётгани» қайд этилган.
Озарбойжоннинг ўзи ЕКПА билан ҳамкорликдан бош тортди

















