25 январ куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу қарор қабул қилинган йиғилишдан кейин бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов, унинг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ва ўринбосари Беҳзод Ҳамраев матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Россияни ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлардан пул ўтказмалари 15 фоизга ошди

2023 йилда Ўзбекистонга 11,4 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу – 2022 йилга нисбатан 33 фоизга кам, 2021 йилга нисбатан эса қарийб 42 фоизга кўп. Аҳолининг реал даромадлари ҳам ўтган йилда 4,6 фоизга ўсган. Пул ўтказмалари ялпи талабни қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бири бўлган. 2024 йилда реал иқтисодий ўсиш 5,5-6 фоиз оралиғида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

“Тадқиқотларимизга кўра, Россияга ишлаш учун борганлар сони 12 фоизга камайган. Иккинчи томондан олиб қарайдиган бўлсак, меҳнат миграциясининг географияси кенгаяётган бўлиши мумкин. Пул ўтказмалари борасида 2024 йилда камайиш эмас, аксинча 5-6 фоиз ўсиш кутяпмиз. Иккинчи томондан, умумий пул ўтказмалари 33 фоизга камайган бўлса, Россиядан ўтказмалар 39 фоизга қисқарди. Албатта, маълум бир жиҳатдан бунинг таъсири бўлди. Ўз навбатида, бошқа давлатлардан келадиган пул ўтказмалари 15 фоизга ошди”, деди Мамаризо Нурмуродов.

2023 йилда сўмнинг қадрсизланиши 9,8 фоизни ташкил қилган

Сўм 2023 йилда 9,8 фоизга қадрсизланган. Курснинг девалвация даври йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиб, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюта курсидаги ўзгаришлар ва ташқи савдо балансидаги шаклланган ҳолат алмашув курсига маълум даражада босимни кучайтириб, девалвацияни тезлаштирган.

“Жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига юқори босимлар кузатилмаслигини кутяпмиз. Марказий банк ҳеч қачон курс бўйича прогноз бермайди. Фақат кутилаётган кутилмалар ва уларнинг қанақа таъсирлари бўлишини айтиб кетамиз”, деди МБ раиси.

Мамаризо Нурмуродов маълумотларига кўра, сўмдаги банк депозитлари юқори фоиз ставкасида шаклланяпти, бу эса банк депозитлари ўсиш суръатини 2023 йилда ҳам сақлаб қолиш имконини берган. Инфляцияни таргетлаш стратегиясининг асосий мақсадларидан бири – одамларнинг сўмдаги омонатларини оширишдан иборат.

“Бу борадаги ишлар кўринмаётган бўлса ҳам, баъзи рақамларни келтириб ўтсам. 2019 йилда аҳолининг омонатлари 2 млрд доллар эквивалентига тенг бўлган бўлса, 2023 йил якунига мазкур кўрсаткич 7 млрд долларга етди. Охирги 3 йилда миллий валютадаги депозитларнинг ўсиши йилига 1,5 баробардан кам бўлаётгани йўқ”, деди у.