БАВАРИЯ – БОРУССИЯ М (3 феврал, 19:30)
Агар «Бавария» Бундеслигада фақат ушбу «Боруссия» билан ўйнаганда, турнир жадвалининг иккинчи ярмида юрарди. Бу ҳазил эмас, зеро қаторасига охирги етти мавсумда «Бавария» камида бир мартадан менхенгладбахликлардан мағлубиятга учраган. Охирги 34 учрашувни олсак ҳам, ғалабалар сони икки томонда ҳам тенг – 12тадан. 10 учрашув дуранг билан якунланган. Биринчи даврадаги ўйинда «Бавария» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганини эътиборга олсак, анъана бўйича бу сафар меҳмонлар ғалаба қозониши керак бўлади. Мюнхендаги охирги икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозона олишмаган, бир дуранг ва бир «Боруссия»нинг ғалабаси қайд этилган. Қизиғи, ундан олдинги Мюнхендаги учрашувда «Бавария» 6:0 ҳисобида устун келган. Мана шундай, ҳар қандай сценарий кутиш мумкин бўлган тўқнашув.
«Боруссия» нафақат «Бавария», бошқа пешқадамлар билан ҳам муносиб ўйнаганини эътироф этиш лозим. Масалан, ўтган турда жамоа Леверкузенда дуранг ўйнаб, қайсидир маънода «Бавария»га ёрдам бериб юборди. Ундан олдинроқ «Штутгарт» устидан ҳам ишончли ғалабага эришилган.

«Бавария»нинг айнан шу турда очко йўқотишга умуман ҳаққи йўқ. Маълумки, келаси турда Леверкузенда «Байер» ва «Бавария» ўйини бўлиб ўтади. Ҳозирда жамоалар ўртасида 2 очколик фарқ сақланиб турибди. «Байер» устидан ғалаба қозониб, турнир жадвали пешқадами бўлиб олиш имконияти сақланиб туриши учун ҳам Тухел шогирдлари ушбу учрашувда ғалаба қозониши шарт. «Байер» бу турда «Дармштадт» меҳмони бўлади ва катта эҳтимол билан очко йўқотмайди. Бундан ташқари, келаси ҳафтадан еврокубоклар бошланади. Тўғри, «Байер» ҳам Европа Лигасида иштирок этмоқда, аммо юклама ва босим юзасидан Чемпионлар Лигаси жиддийроқ турнир ва баҳорда «Байер»нинг Бундеслига ўйинларига яхшироқ тайёрланиш имконияти юқорироқ бўлиши табиий.
Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар кўпроқ. Ким Жанубий Корея сафида Осиё кубоги яримфиналига чиқди, Гнабри, Лаймер, Коман, Киммих каби футболчилар камида бир ойдан кейин машғулотларга қайтиши мумкин. Шунингдек, Дайот Упамекано ҳам ҳали тўлиқ тикланиб улгурмаган. «Боруссия» сафида эса Волф, Омлин, Улрих, Херманн, Хак каби футболчиларда турли шаклдаги жароҳатлар бор. Ко Итакура эса Япония миллий жамоаси сафида Қатарда бўлиб турибди.
ЖИРОНА – РЕАЛ СОСИЕДАД (4 февралга ўтар кечаси, 01:00)
«Жирона»да яна камида бир кунга турнир жадвалини бошқариб туриш имкони бор. «Реал» якшанба оқшомида «Атлетико»га қарши дербида майдонга тушишини эътиборга олсак, пешқадамлик муддати чўзилиши ҳам мумкин. Албатта, баскларнинг анча ноқулай ва жиддий рақиб эканини ҳам таъкидлаш керак. «Сосиедад» кўп дуранг ўйнаб юборгани учун ҳам турнир жадвалида бироз пастроқда жойлашган, аммо жамоа барча мусобақалардаги охирги 15 ўйиндан фақат бир марта мағлубиятга учрагани ҳам ўйиннинг анча муросасиз кечишидан далолат қилиб турибди. Жамоаларнинг биринчи даврадаги баҳсида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди.


















