Ўзбекистон | 08:21 / 06.02.2024
5821
1 дақиқада ўқилади

Кувайтга Ўзбекистоннинг янги элчиси тайинланди

Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган Аюбхон Юнусов Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси сифатида иш бошлади.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аюбхон Юнусов Кувайт пойтахтига етиб борди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилмоқда

50 ёшли Аюбхон Юнусов Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, «Ал-Азҳар» университети (Миср), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.

2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубайдаги Бош консулликларда ишлаган. Кувайтга элчи сифатида тайинланишидан олдин у Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Аюбхон Юнусов 2016-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси бўлиб ишлаган Баҳромжон Алоев ўрнига тайинланган.

Олдинроқ Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси тайинланганди.

Мавзуга оид