«Ўзгидромет» агентлиги 6-12 феврал кунлари Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.

Агентлик маълумотига кўра, 2024 йил 7-8 феврал кунлари А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, оқибатда йўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келишига олиб келиши мумкин.

2024 йил 6-12 феврал кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманларида;
  • Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманларида;
  • Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари);
  •  Наманган вилояти: Поп туманида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

“Тоғли ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олиш масканларида дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз”, дейилади хабарда.