Мактаб ўқувчилари ҳар куни турли оғирликдаги сумкалари билан мактабга боради. Мактаб сумкаси биринчи синфдан то битирувчи синф бўлгунга қадар болаларга ҳамроҳлик қилади. Бу сумкалар олийгоҳларга кирганда кичрайиб фақат дафтарлар ва ноутбукдан иборат бўлиб қолиши мумкин. Лекин бола ривожланишининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган мактаб даврида ҳамма болалар оғиргина сумкаларни кўтариб юриши керак.
Ўқувчи сумкасининг идеал оғирлиги қанча?
Тадқиқотчиларга кўра, бола тақадиган сумканинг оғирлиги унинг тана вазнининг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Масалан, Ўзбекистонда болалар 7 ёшда мактабга чиқишади ва бу пайтда уларнинг ўртача тана вазни 23 кгни ташкил қилади. Демак, улар учун ўртача 2,3 кгли сумка кўтариш меъёр ҳисобланади. 10 ёшли бола (4-синф ўқувчиси) эса ўртача 32 кг бўлади. Унинг сумкаси эса 3,2 кг атрофида бўлиши керак.
Бундан ташқари, сумкаларнинг оғирлиги яна бир қанча омиллар билан белгиланади:
- Боланинг жисмоний ҳолати;
- У сумкани кўтариб юрадиган вақт ва масофа;
- Сумканинг сифати.
Оғир сумка бола соғлигига ёмон таъсир қиладими?
Доимий оғир сумка билан мактабга қатнаш боланинг орқа ва бўйин қисмида оғриқ, елкасида эса ноқулайлик ҳиссига сабаб бўлиши, чарчоқ кучайишига олиб келиши мумкин.
Америкалик педиатр Бредли Вайнбергнинг сўзларига кўра, оғир сумка тақиб юриш:
- Боланинг қомати ҳолати ва ҳаракат мувозанати ўзгариши сабабли орқа ва бўйин оғриғи ривожланишига олиб келиши;
- Бола мувозанатига салбий таъсир қилиши сабабли йиқилиш ва бошқа жароҳатларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, мушак-скелет тизимида оғриқ, нотўғри тана тузилиши ҳам оғир сумка кўтариш сабаб рўй бериши мумкин.
Болаларнинг ўсиш плиталари сумка оғирлиги сабаб ортиқча стрессдан таъсирланиши мумкин. Бу билан уларнинг бўй ўсиши тўхтамайди. Лекин кейинчалик артритнинг эрта бошланишига олиб келиши мумкин










