Ўзбекистон | 12:21 / 09.02.2024
25274
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслиги белгиланмоқда

Пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддати ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтирилади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенат ялпи мажлисида айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан “Ижара тўғрисида”ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.

Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби, шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда 2024 йил учун минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 621 минг сўм деб белгиланганди. Бунинг ортидан қатор пенсия ва нафақалар миқдорлари ҳам 621 минг сўмга етказилди.

Мавзуга оид