Хўш, постсовет маконидаги аҳоли сони ўтган даврда қандай ўзгарди? Kun.uz очиқ статистик маълумотларга мурожаат қилди.

Марказий Осиё мамлакатлари

Қозоғистон. Қозоғистон аҳолиси 1991 йилда 16,8 млн кишини ташкил этган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу кўрсаткич деярли ўзгармади ва 1994 йилдан то 2002 йилгача аҳоли сони сезиларли даражада қисқариб борди ва 2001 йил якунлари бўйича 14,8 млн нафарга тушиб қолди. Бу асосан мамлакатдан кўп сонли руслар, немислар, чеченлар ва бошқа миллатлар кўчиб кетгани билан ҳам изоҳланади. Шундан сўнг мамлакат аҳолиси кичик фарқ билан бўлса-да ўса бошлади ва 2023 йилнинг якунига келиб 20 млндан ошди.

Тожикистон. Тожикистон постсовет республикалари орасида аҳоли сони ўсиши бўйича 1-ўринда туради. Хусусан, 1991 йилда Тожикистон аҳолиси 5,3 млн бўлган бўлса, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 10 миллиондан ошди.

Туркманистон ва Қирғизистон. 1991 йил СССР тарқаб кетиши арафасида Қирғизистон аҳолиси 4,4 млнни, Туркманистон аҳолиси эса 3,7 млн кишини ташкил қилган. Марказий Осиёнинг бошқа республикалари каби Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам аҳоли сони кўпайган ва мос равишда ҳар иккала мамлакатда 7 млн ва 6,3 млндан ошган.

P.S: Туркманистон аҳоли сони бўйича расмий маълумотлар очиқланмайди, кўп манбаларда мамлакатда аҳоли сони 6,3 млн нафардан ошгани келтирилади.

1960-2023 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)

Шарқий Европа мамлакатлари

СССР парчаланган пайтда Россияда 148,3 млн, Украинада 51,6 млн, Беларусда 10,2 млн, Молдовада 4,4 млн аҳоли бўлган. Аммо кейинги йилларда ушбу мамлакатларнинг барчасида аҳоли сони сезиларли даражада қисқариб борди. Хусусан, Россияда 1996 йилдан 2009 йилгача (148,4 млндан 141,9 млн нафаргача), Беларусда 1993 йилдан 2013 йилгача (10,1 млндан 9,4 млн нафаргача) аҳоли доимий равишда камайиб борган. Кейинги йилларда эса бу кўрсаткич турли йиллар кесимида ўзгариб борди.

Украинада 1994 йилдан то ҳозирги кунгача (51,7 млндан 41 млн нафаргача), Молдовада эса 1992 йилдан ҳозирга қадар (4,4 млндан 2,5 млнгача) аҳоли сонининг қисқариши давом этмоқда.

Юқорида номи келтирилган мамлакатларда 1960-2023 йилларда аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)