Англия: «Арсенал» 10 йилдан буён кузатилмаган ишни қилди

«Вест Ҳэм» — «Арсенал» 0:6
Голлар: Салиба (32), Сака (41 пеналти, 63), Габриэл (44), Троссар (45+2), Райс (66).
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Зума (Мавропанос, 46), Агерд, Эмерсон (Крессуэлл, 76), Жонсон, Уорд-Проуз, Соучек, Алварес (Филлипс, 46), Қуддус, Боуэн.
«Арсенал» – Райя, Уайт (Соареш, 77), Габриэл, Салиба, Кивер, Эдегор, Райс (Эл Ненни, 67), Ҳавертц, Троссар (Нкетиа, 67), Мартинелли (Нванери, 77), Сака (Нелсон, 67).
Огоҳлантиришлар: Алварес (9), Ареоля (38), Қуддус (76), Филлипс (90+1).

«Арсенал»да сўнгги вақтларда «Вест Ҳэм»га қарши дербиларда муаммолар кузатилаётганди ва «болғачилар» принципиал рақибга айланганди. Декабрдаги биринчи давра ўйинида «канонирлар» барча кўрсаткичлар бўйича тўлиқ устунликка эришган, аммо вазиятлардан фойдалана олмасдан ютқаишганди (0:2). Ҳисоб 0:3 кўринишини олиши ҳам мумкин эди, аммо Бенраҳма қўшимча дақиқаларда 11 метрдан гол ура олмаганди. Ундан олдинги икки учрашувда ҳам ғалаба бўлмаганди (Лига кубогида 1:3 ва АПЛнинг ўтган мавсуми иккинчи даврасида 2:2 – бу очко йўқотишдан кейин жамоанинг чемпионлик пойгасидаги имкониятлари пасайиб кетганди). Қасос олиш вақти келганди ва бу қасос ўта шафқатсизлик билан олинди.

«Арсенал» одатдаги каби дарҳол ташаббусни ўз қўлига олди. Биринчи бўлимнинг учдан бир қисми ортда қолаётганида жамоа ўйиннинг 82 фоиз вақтида тўпга эгалик қилаётганди. Лекин икки жамоада ҳам хавфли вазиятлар юзага келмади. Вазият 23-дақиқадан ўзгара бошлади, Саканинг ўнг қанотдан узатмасидан кейин Троссар тўпни тўхтатмасдан бош билан зарба берди ва Ареолянинг реакциясини текшириб кўрди. Дарвозабон ухлаб қолмади ва тўсин остига кираётган тўпни юқорига кўтариб юборди.

Бу ҳақиқий қатл маросими олдидан шунчаки чигалёзди машғулоти бўлиб чиқди. Асосий жаллод вазифасини эса Райс бажарди, унга собиқ жамоаси мухлислари томонидан ўйин давомида ҳуштакбозлик қилиб турилди, аммо бу унинг фақатгина жаҳлини чиқарди:

  • 32-дақиқа: Райс бурчак зарбасидан тўпни олис устун олдига етказиб берди ва Салиба барчадан ўзиб кетиб, иккинчи қаватда ғолиб чиқди - 1:0.
  • 41-дақиқа: Троссар доҳиёна пас билан Сакани олдинга бошлади, у офсайд чизиғини тўғри ушлади ва рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб, Ареоля билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Француз эса англияликни йиқитди. Жабрланувчининг ўзи пеналтини аниқ ижро этиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
  • 44-дақиқа: Райс чап қанотдан стандарт зарбани маҳорат билан ижро этди ва яқин устун олдида турган Габриэл Магаляэснинг бошини топди. 3:0.