Алексей Навалний қамоқхонада вафот этди, деб хабар берди Ямало-Ненецк автоном округи Жазони ижро этиш федерал бошқармаси (ЖИФБ). Идора маълумотига кўра, 47 ёшли сиёсатчи 3-рақамли ахлоқ тузатиш колониясида сайрдан кейин «ўзини ёмон ҳис қилган». Колониядаги шифокорлар ва чақирилган тез ёрдам ходимлари унга ёрдам беришга ҳаракат қилишган. «Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бўлмаган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлади. Ўлим сабаблари аниқлаштирилмоқда», — дейилади бошқарма хабарида. Лабитнангидаги шаҳар шифохонасида «Интерфакс»га хабар беришларича (3-колония жойлашган Харп посёлкаси Лабитнанги шаҳар округи таркибига киради), шифокорлар бир ярим соатдан ортиқ вақт давомида сиёсатчини жонлантиришга уринган.
RT пропаганда телеканали Навалнийнинг ўлимига тромб кўчиши сабаб бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Baza маълумотига кўра, Навалний тушки соат бир атрофида ҳушини йўқотган, шундан кейин тез ёрдам чақирилган. Шифокорлар Навалнийни қутқаришга уринишган, аммо соат 14:17 да унинг ўлими қайд этилган.
Навалнийнинг сафдошлари ҳозирча колониядан тасдиқланган хабарга эга эмасликларини айтишган. Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш Навалнийнинг адвокати Ямало-Ненецк автоном округига йўл олганини маълум қилган. «Бизда қандайдир маълумот бўлиши билан маълум қиламиз», — дея қўшимча қилган у. Алексей Навалнийнинг адвокати Леонид Соловёв «Новая газета»га сиёсатчининг оиласи қарорига кўра, ҳеч қандай қандай изоҳ бера олмаслигини маълум қилган. «Энди аниқлаштиряпмиз. Адвокат чоршанба куни [14 феврал] Алексейнинг ёнига борган. Ўшанда барчаси нормал бўлган», — деган у. Навалнийнинг онаси Людмила Ивановна ҳеч қандай ҳамдардлик сўзларини эшитишни истамаслигини билдирган: «12-куни колонияда ўғлимни кўргандим, учрашув бўлганди. Тирик эди, соғ эди, ҳаётдан хурсанд эди».
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Навалнийнинг ўлими тўғрисидаги хабар Владимир Путинга етказилганини маълум қилган. У ҳозирда Челябинск областида бўлиб турибди. Песковнинг сўзларига кўра, Кремлда Навалнийнинг ўлими сабаблари бўйича маълумот йўқ, буни «тиббиёт ходимлари аниқлаши керак». Песков ЖИФБ Навалнийнинг ўлими билан боғлиқ барча текширувларни ўтказишини ва бу борада алоҳида топшириқ берилишига ҳожат йўқлигини қўшимча қилган. «Коммерсант» мухбири ва Путиннинг солномачиси Андрей Колесников Навалнийнинг ўлими ҳақидаги хабар президент учун кутилмаган ҳол бўлгани ва у «ўзини базўр тутиб қолгани» ҳақида айтган.

















