Kun.uz бу воқеа ва унинг атрофидаги вазиятлар ҳақида сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқни таклиф этди. 

— Россия Ташқи ишлар вазирлиги элчимизни чақириб, Ўзбекистон томонидан бу борада расмий баёнот билан чиқишни талаб қилган. Шерзодхон Қудратхўжа давлат лавозимидаги одам бўлмаса, унинг шахсий фикри учун давлат изоҳ бериши шарт эмас-ку, шундай эмасми? Бу ҳақдаги фикрларингиз қандай?

Камолиддин Раббимов: — Авваламбор, Шерзод аканинг интервьюсидаги позицияга тўхталсак. Унинг гапларида русофобия йўқ, рус тили ёки бошқа тиллар ўрганилмасин, деган позиция ҳам мутлақо йўқ. Шерзодхон Қудратхўжа айтаётган позиция шуки: тил жамиятни интеграция қилувчи асосий восита ва Ўзбекистонда яшаётган барча шахслар ўзбек тилини билиши керак, деган. Унинг гапларида «Рос сотрудничество» айтган русофобия аломатлари умуман мавжуд эмас. Русофобия дегани рус миллатига, рус халқига, Россия давлатчилигига нисбатан ҳурматсизлик, обрўсизлантириш бўлиши керак, дегани, аммо бу нарса йўқ эди. Шерзодхон Қудратхўжанинг позицияси мудофаа ва жамият интеграцияси эди.

Ўзбекистон қонунчилигидан келиб чиқсак, биз аллақачон лотин ёзувига ва Ўзбекистон давлатчилиги доирасида ўзбек тилига ўтган бўлишимиз керак эди. Жамиятда ўзбек тилига нисбатан маълум бир қатламларда ҳурматсизлик бор, бу кўринади.

Шерзодхон Қудратхўжа давлат мулозими эмас, ОТМ эса академик институт ҳисобланади. Бундан ташқари, «Рос сотрудничество» бераётган баёнот эса Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри ички ишларига аралашиш ҳисобланади.

Шерзодхон Қудратхўжа айтаётган нарса Россиянинг ўзининг қонунчилигида ҳам бор. У ерга яшаш учун, ишлаш учун вақтинча борса ҳам, рус тили ва Россия тарихини билиш талаб қилинади. Европа, Америкада фақатгина фуқаролик олмоқчи бўлганлардан давлат тарихи талаб қилинади. Россиядаги талаблар эса дунё стандартидан юқори. Нега энди шунчаки вақтинча ишлаш учун бораётган одамдан рус тили ва Россия тарихи сўралади-ю, Ўзбекистонда неча ўн йиллардан бери яшаётган одамдан ўзбек тилини сўраш русофобия бўлар экан — мутлақо мантиққа тўғри келмайди.

Аслида бу ерда давлатларнинг сиёсий ва геосиёсий психологиясини таҳлил қилиш керак бўлади. Лекин халқаро қонунчилик ва Россиянинг ўзининг қонунчилиги бўйича ҳам бу талаб тўғри эмас деб ҳисоблайман.

Ҳамид Содиқ: — Россия билан турли хил муносабатларда халқаро ҳуқуқ доирасида фикрлаш унчалик тўғри эмас, менимча. Ўзбекистонда мана шундай муҳит вужудга келишига сабаб россиялик тарихчилар, ОАВ, расмий сиёсатчилар томонидан Ўзбекистонга қарата айтилган гапларга бепарволик билан билдирилган расмий фикрлар бўлди. Улар ўйлайдики, Ўзбекистонда ҳам 2022 йил февралидаги Украинадаги ҳолатдагидек ҳолат. Ўзбекистон халқида ватанпарварлик руҳи, Ўзбекистон миллий манфаатларини англаш, суверенитетини ҳурмат қилиш улар ўйлагандан анча юқори. Жамиятда ҳукуматга нисбатан маиший, баъзи сиёсий масалаларда эътироз бўлиши мумкин, лекин жамиятимиз суверенитет масаласида жиддий якдилликка эга.