«Авдийивка атрофида юзага келган оператив вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қуршовга тушиб қолишдан қочиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш мақсадида бўлинмаларимизни шаҳардан олиб чиқишга ва нисбатан қулайроқ бўлган мудофаа марраларига ўтиш бўйича қарор қабул қилинди», — дейилган Сирскийнинг фейсбукдаги хабарида.
«Таврия» гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский «шахсий таркиб аллақачон олиб чиқилгани» ва украиналик ҳарбийлар «белгиланган марраларда мудофаани эгаллагани» ҳақида маълум қилган.
Россия қўшини 2022 йил февралида кенг кўламли босқин бошланганидан буён Авдийивкани эгаллаш учун бир неча бор ҳаракат қилиб кўрганди. 2023 йил октябрида эса шаҳар томон кенг кўламли юриш бошланганди.
Россия ҳукуматига яқин бўлган манбалар хабар қилишича, Кремлдан ушбу шаҳарни қандай қилиб бўлмасин март ойидаги президентлик сайловларига қадар эгаллаш бўйича топшириқ келган, бу орқали қайта сайланиш арафасида Владимир Путиннинг Украинага қарши урушда муваффақият қозонаётганини намойиш этиш кўзланган.
Украина мудофаа кучлари узоқ вақт давомида мудофаани ушлаб туришди, январ ойи охирида эса экспертлар вазият критик кўринишга келгани ва гарнизонни олиб кетиш зарурлигини айта бошлашди, аммо бу рўй бермади.
Авдийивка – қарийб 10 йил муқаддам, 2014 йил баҳорида Россия қўшини қўлловида руспараст айирмачилар томонидан эгалланган Донецк яқинидаги кичик саноат шаҳридир.
Ўтган йиллар давомида Авдийивка украин қўшини назоратида қолганди, бу ерда кучли мудофаа истеҳкомлари барпо этилганди. Томонларнинг туташув чизиғига жуда яқин жойлашганига қарамай, кенг кўламли урушга қадар ушбу шаҳар ривожланишга ва иқтисодий жиҳатдан ўсишга эришганди.
Россиянинг 2022 йил февралидаги босқини эса барчасини ўзгартирди. Маҳаллий завод фаолияти тўхтатилди, аҳолининг катта қисми ҳар кунги вайронкор бомбалашлардан қочиш учун шаҳарни тарк этди.
Россия армияси кучли мудофаа чизиқларини бир ҳамлада енгиб ўтишнинг имкони йўқлигини тушунгач, шаҳарни авиация зарбалари ва пиёдалар штурмлари билан вайрон қилиш тактикасига ўтди.
Бугунги кунга келиб шаҳардан кўп нарса қолмаган: интенсив бомбардимон қилиш ва ҳарбий ҳаракатлар туфайли шаҳардаги деярли барча бинолар тамомила вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган.


















