Украина қуролли кучлари Россия армиясининг «ДХР» ҳудудидаги Волноваха шаҳри яқинидаги Трудовское қишлоғидаги полигонига зарба йўллади. Бу ҳақда BBC рус хизмати мухбири Иля Барабанов, украиналик журналист Денис Казанский ва айирмачилар сафида жанг қилувчи ҳарбий Егор Гузенко хабар берган.

BBC манбасига кўра, украин армияси 20 феврал куни россияликлар полигонига HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан зарба йўллаган. Барабанов ва Гузенконинг маълумотига кўра, бу вақтда полигонда 36-гвардия мотоўқчилар бригадаси (06705 ҳарбий қисми) ҳарбий хизматчилари бўлган, бригаданинг доимий жойлашув манзили — Байкалорти ўлкаси Борзи шаҳри.

BBC тасдиқлашича, зарба вақтида полигонда бригаданинг учта ротаси жангчилари (200-300 киши) бўлган, улар Шарқий ҳарбий округнинг 29-армияси қўмондони, генерал-майор Олег Моисеев келишини кутаётганди. Аскарлар генерал ташрифи муносабати билан саф тортиб тургани ҳақида Гузенко ҳам хабар қилган. Россиялик «ҳарбий мухбир» Роман Сапонков аскарлар кутган «катта командир» барибир келмаганини айтган.

Ижтимоий тармоқларда полигонда зарбадан кейин олинган кўп сонли фотосуратлар ва видеоёзувлар тарқалган. Уларда ҳарбий формадаги ўнлаб кишилар жонсиз ётганини кўриш мумкин. Зарбадан кейин олинган видеоёзувлардан бирида ҳарбийлардан бири шундай дейди: «Очиқ майдонга командирлар саф торттирди». Видеоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.