Жаҳон | 18:18 / 23.02.2024
20899
15 дақиқада ўқилади

Ҳарбий ёрдам, музокаралар истиқболи ва «Б режа» — Зеленскийнинг Fox Newsʼга интервюсидан асосий гаплар

Украина президенти Володимир Зеленский уруш бошланганига икки йил тўлиши арафасида Американинг Fox News телеканалига фронт чизиғидан бир неча километр нарида — Купянск шаҳридаги вайрона бинолардан бирида интервю берди.

«Дунё Владимир Путиннинг мағлубиятига тайёр эмас ва барча Россиядаги ўзгаришлардан қўрқади», — дейди Владимир Зеленский

Fox News аудиториясига Кремлдаги оппоқ ва момиқ креслосидан мурожаат қилган ва америкаликларнинг Украинада содир бўлаётган воқеалар билан иши бўлмаслигини таъкидлаган Владимир Путиндан фарқли равишда, Зеленский вайрон бўлган уй деворлари фонида интервю берди.

Унинг асосий муждаси — Украинадаги уруш барча учун, жумладан, америкаликлар учун ҳам муҳимлиги ҳақида.

Карлсонга жавоб

Ушбу интервюнинг контексти унинг мазмунидан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин.

Интервю АҚШнинг консерватив телеканалида чиқди, уни асосан республикачилар партиясига ён босувчи анъанавий қарашлар тарафдорлари томоша қилишади.

Путиндан интервю олган Такер Карлсон яқин яқингача ушбу телеканалда ишлаган, унинг шоуларини ўртача уч миллион, баъзан беш миллион одам томоша қилган. Ўтган йили уни телеканалдан ҳайдашган, гарчи расман сабаби маълум қилинмаган эса-да. Бунга балки Такернинг раҳбариятга нисбатан такаллуфсиз чиқишлари сабаб бўлгандир ёки раҳбарият унинг Доналд Трампнинг сайловдаги ғалабаси «ўғирлангани» хусусидаги конспирологик мулоҳазаларидан тўйгандир.

Ўз баёнотлари билан Карлсон АҚШнинг бошқа нашрларига чақирув ташлади ва уларни гўёки Владимир Путинни рад этиб, Зеленскийнинг «тилёғламалик билан руҳни кўтарувчи суҳбатлари»ни жон-жон деб эълон қилишда айблади.

Тўғрисини айтганда, Россия президентини ҳеч ким рад этгани йўқ. Ғарбдаги кўплаб нашрлар, жумладан BBC ҳам уруш бошидан буён ундан интервю олишга бир неча бор ҳаракат қилган. Лекин ҳар сафар рад жавобини олган.

Fox бошловчиси Брет Байер чақирувга жавоб берди: у икки йилдан буён америкаликларни ташвишлантираётган саволларни Зеленскийга бериш учун Украинага келди. Байер Зеленскийдан биринчи марта интервю олаётгани йўқ. Ўтган йили ҳам, аввалги йил ҳам у Зеленский билан суҳбатлашган.

Байер Зеленскийдан Путиннинг интервюсини кўрдингизми, деб сўраганида Украина президенти шундай жавоб қилган: «Менинг биз, уруш ва АҚШ тўғрисида икки соатлик уйдирмани тинглашга вақтим йўқ».

Зеленскийнинг ёзиб олган интервюси жума кунига ўтар кечаси кўрсатилди ва 45 дақиқа давом этди.

Владимир Путиндан фарқли ўлароқ, Украина президенти Fox аудиториясига фронт чизиғидан унчалик олис бўлмаган жойдаги ярим вайрона бинодан туриб мурожаат қилди. Фото: FOX NEWS / SCREENSHOT

Fox’нинг асосий аудиторияси Украинага ҳарбий ёрдам беришни давом эттиришни савол остига олувчи республикачилар тарафдори экани инобатга олинса, Зеленскийнинг бу аудиторияга айтар гаплари бор эди.

Худди Зеленский Байерни интервю бериш учун нега Харкив областидаги Купянск шаҳрига таклиф этгани тушунарли бўлганидек.

Уруш аввалида россияликлар Харкив областининг катта қисми билан қўшиб бу шаҳарни ҳам эгаллаб олишга муваффақ бўлишган, у ерда ўз маъмуриятини тузишга ҳам улгуришган эди. Бироқ Украина қуролли кучлари областнинг оккупация қилинган катта қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Россия бу йўналишда яна ҳудудларни эгаллаш ниятидан воз кечмасдан, олдинга ўтишда давом этмоқда. Forbes нашри ҳаттоки Купянскни эгаллаш Россиянинг айни дамдаги асосий тактик мақсади эканини ёзган эди.

«Харкив областининг бир бўлаги сайлов кунигача Россия армиясидан Путинга яхшигина совға бўлар эди», — деб ёзган Forbes.

Зеленский республикачиларга айнан шуни кўрсатмоқчи бўлди: уруш давом этмоқда, жанглар бўляпти. Украинада эса ҳозирча «Б режа» йўқ.

«Б режа»сиз

 

Зеленскийнинг фикрича, АҚШ билан мулоқот унинг устувор вазифаларидан бири. Фото: TOBIAS SCHWARZ/POOL/AFP VIA GETTY IMAGES

АҚШ билан мулоқот Володимир Зеленскийнинг ўз олдига қўйган устувор вазифаларидан бири. Украина фронтда Россияга қарши туриш учун ёрдамга ҳар доимгидан ҳам кучлироқ муҳтож.

Уруш бошланганидан буён халқаро ҳамкорлари Украинага 170 млрд евролик ёрдам кўрсатишни ваъда қилган. Бу сумманинг 40 фоизи — соф ҳарбий ёрдам, 50 фоизи — молиявий ёрдам, 10 фоизга яқини инсонпарварлик ёрдами. 42 та давлат донор бўлган, бироқ уларнинг ичида 71 млрд евро ёрдам кўрсатган асосий давлат, албатта, АҚШ бўлди.

Жо Байден администрацияси ўтган йил кузидаёқ Конгрессга Украинага қўшимча ёрдам ажратишни маъқуллашни сўраб мурожаат қилган: миллий хавфсизликнинг турли жабҳаларини ҳимоя қилиш учун таклиф қилинган 100 млрд долларлик пакетнинг катта қисми — 61 миллиарди Украинанинг Россияга қарши уруши билан боғлиқ харажатларни қоплашга мўлжалланган. Бироқ республикачиларнинг қаршилиги боис масала ҳамон ечилмаган.

Аввалига улар бу масалани Американинг ички муаммоси — Жо Байден президентлиги даврида миллионлаб ноқонуний мигрантлар кесиб ўтаётган жанубий чегаралар устидан назоратни қатъийлаштиришга боғлашни талаб қилди.

Хориждан ҳарбий ёрдам бўлмаса, Украина ҳимоячилари тобора кўпроқ ҳоспиталларга тушаверади, дейди Зеленский. Фото: Украина президенти офиси.

Бундай мисли кўрилмаган ноқонуний мигрантлар оқими АҚШда кенг миқёсли сиёсий инқирозга олиб келди ва мамлакат фуқаролари норозилигига сабаб бўлди. Республикачилар демократлардан чегарадаги назоратни кучайтиришни сўрамоқда, демократлар эса бунга истамайгина рози бўлишмоқда.

Бу баҳслар фонида АҚШ маъмурияти ўтган йил охиридан Украинага ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратишни тўхтатди ва қурол-яроғларни беришда давом этиш Американинг ўз хавфсизлигини таҳдид остида қолдириши, Украинани икки йиллик қўллаб-қувватлаш натижасида Пентагоннинг харжланган захираларини тўлдириш учун Капитолийда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ўша қонун тасдиқланиши кераклигини таъкидлади.

Бир ойлик қизғин мунозаралардан сўнг Сенатдаги икки фракция умумий муросага келди.

Лекин муаммо ҳал этилмади: норозилик тўлқини бўлажак сайловларда уни яна Оқ уйга қайтаришидан умид қилаётган Доналд Трамп «аҳмоқлик қилмаслик»ни сўради ва Конгресснинг бошқа қисми — Вакиллар палатасини назорат қилаётган унинг тарафдорлари буйруққа қулоқ тутишди.

Зеленский аввалроқ Доналд Трампга Украинага шахсан келишни таклиф этган эди. Fox Newsʼга интервюсида у «Агар Трамп келса, мен у билан фронтнинг олд чизиғигача боришга тайёрман», деди.

«Унга нима деган бўлардингиз?» — деб қизиққан журналист.

«Агар у шу ерга келса, унинг кўзлари ҳамма саволига жавобни олган бўларди», деган Зеленский.

Брет Байер Зеленскийдан Украина 2024 йилда, айниқса, АҚШдан ортиқ молиялаш олмаса, ўз олдига қандай мақсадлар қўйганини сўради.

«Сўнгги ойларда бундай саволларни тез-тез эшитмоқдаман. Биз омон қоламизми? Албатта. Лекин ҳаммамиз эмас. Агар жаҳон бунга тайёр бўлса — ўзларинг гувоҳ бўласизлар. Лекин бу фожиа. Бу фожиа фақат Украина учун эмас, барчамиз, бутун Европа учун бўлади», — деган Зеленский.

Агар АҚШ шу йил ёрдамни тикламаса «Б режа» нима бўлишига аниқлик киритмаган, бироқ Россия ҳамон осмонни назорат қилаётгани, сон жиҳатдан устун эканини таъкидлаб ўтган.

«Бунинг муқобилини топиш жуда қийин, — деган у бошқа ёрдам манбаларини назарда тутиб. — Албатта, биз қараб турмаймиз... барибир топамиз. Биз қандайдир параллел йўлларни босиб ўтгунча омон қилишга мажбур бўламиз. Нима бўлганда ҳам, тушуняпсизми, бу ёрдам ниҳоятда керак. Усиз, кечирасиз-у, бизда борган сари кўпроқ қаҳрамон йигитлар ҳоспиталлардан жой ола бошлайди. Чунки сизда реал мудофаа қалқони ва ўқ-дориларга эга кучли артиллерия бўлмаса, одамларингизни йўқота бошлайсиз».

Душман битта

Ҳам Зеленскийнинг, ҳам Путиннинг интервюсини кўрган ўртача статистик америкаликнинг нуқтайи назарига кўра бир нарса аниқ: Россия содир бўлаётган воқеаларга эътибор қаратмасликни сўрамоқда («Қиладиган бошқа ишларинг йўқми?» — деб сўраганди Путин). Украина эса нафақат воқеаларни диққат билан кузатишни, шунингдек, ёрдам беришни сўрамоқда.

«Бу урушга нисбатан икки хил нуқтайи назар бўлиши мумкин эмас, — деган Володимир Зеленский. — Фақат битта душман бор ва бу — Путин».

Зеленский Украина қуролли кучлари қўмондонлигини алмаштириш жуда зарур бўлганига ишончи комил. Фото: Украина президенти офиси

«Бизга узоқ масофалардаги нишонларни ура оладиган қуроллар керак, — деган Зеленский. — Биз буни конгрессменлар билан гаплашганмиз, буни президент Байден билан гаплашганман. 300 км олисдаги масофага уча оладиган ATACMS ракеталари бизга катта ёрдам берган бўларди. Чунки бу уруш тенг уруш эмас: бизнинг артиллериямиз 20 километрни нишонга ололади, Россияники эса 40 километрни. Ҳамкорларимизда шундай тизимлар бор экан, нега у Украинага берилмаслиги керак?»

Шу пайтгача Жо Байден маъмурияти « эскалация кучайиши»дан чўчиб, Украинага душманнинг фронт чизиғи ортидаги захираларига зиён етказиши мумкин бўлган қурол-яроғ тизимларини беришни пайсалга солиб келади. Учиш масофаси қисқароқ бўлган бир нечта ATACMS ракеталари ўтган йили кузда кетма-кет сўровлардан сўнг берилди, бироқ иш ундан уёғига силжимади.

Америка ёрдами ярим йўлда депсиниб қолар экан, Россия қўшинлари Авдийивка — руслар икки йилдан буён эгаллашга беҳуда уриниб келган Донецк областидаги шаҳарни эгаллашди. Зеленскийга савол берар экан, Брет Байер буни Россиянинг сўнгги 9 ой ичидаги энг катта натижаси деб атади.

Кўплаб экспертлар ва мулозимлар, жумладан, Вашингтондагилар ҳам Россия қўшинларининг бу муваффақиятини Украина армиясида ўқ-дори тақчиллиги вужудга келгани билан боғлашади.

Россия урушнинг бошидан буён Авдийивка учун курашиб келаётганди. Шаҳардан бир неча километр нарида Россия назорати остидаги Донецк шаҳрини Ҳорливка ва Луҳанск билан боғловчи йўл ўтади. Агар Украина армияси уни кесиб қўйса, бутун Россия қўшинларининг логистикасига жиддий зарба берган бўларди. Россия эса Донецк ўқ ёмғирлари остида қолмаслиги учун украин қўшинларини четлаштиришни мақсад қилиб, Авдийивка учун курашди.

Энди эса Авдийивкани, тўғрироғи, ундан қолган вайроналарни Россия назорат қилмоқда.

«Бу ўринда назорат қилиш деганда нима англанишини тушуниш керак. Улар ҳамма нарсани вайрон қилишди. Уларнинг стратегияси ҳамма нарсани ер билан битта қилиб, текислаб, кейин олдинга юришдан иборат», — деди Зеленский Авдийивкадаги вазият бўйича.

«Бу ўтган икки йил ичида улар Харкив областини ҳам оккупация қилишди, энди у яна бизга қайтди. Биз Қора денгизни қамалдан халос этдик, бизда энди ғалла йўлаги бор, Россия флотининг кўплаб кемаларини чўктирдик, — деди Зеленский. — Биз бу ишларни икки йил ичида амалга оширдик. Ҳа, ўтган йил биз учун кўп нарсаларда мураккаб бўлди, лекин… қилинган ишларга қараб, яхши ишларни амалга ошира олдик, деб ўйлайман».

«Яхши ишлар»га қарамасдан Зеленский барибир Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига генерал-полковник Олександр Сирскийни тайинлади.

Fox News журналисти бунинг сабабини сўраган.

Зеленский Залужнийнинг ишлари учун ташаккур билдириб, бу ўзгаришлар зарурият эканини таъкидлаган.

«Биз янада тезкорроқ бўлишимиз керак, — деган Зеленский. — Бу эса бизда мавжуд бюрократиядан халос бўлишни тақозо этади. Акс ҳолда бизда ҳеч қандай имконият қолмайди. Технологик жиҳатдан ақллироқ бўлиш керак ва албатта тезроқ ҳам».

Бу музокара эмас

«Танқидчилар фикрича, сиз ҳокимиятда қолиш важидан уруш тезроқ якунланиши учун музокаралар столига ўтиришга шошилмаяпсиз», — деган Брет Байер.

Володимир Зеленский уҳ тортган.

Музокаралар мавзуси йўқ жойдан пайдо бўлгани йўқ. Владимир Путин яқинда берган интервюсида Россия «ҳеч қачон музокараларни рад этмагани», уларни ўтказишга Зеленскийнинг Путин билан музокаралар олиб боришни тақиқловчи фармони халақит бераётганини таъкидлаган.

Зеленский сиёсат ҳақида гапиришни кўп ҳам истамаслиги, урушда содир бўлаётган воқеалар муҳимроқ эканини айтди. Фото: FOX NEWS

Украина агар уруш бўлмаганида президентлик сайловлари арафасида турган бўлиши ҳам оловга ёғ сепади. Зеленский президент этиб сайланишидан анча аввал қабул қилинган қонунга кўра, уруш вақтида сайловлар ўтказилиши мумкин эмас. Байер Зеленскийга Ғарбни бу ташвишга солаётганини ҳам айтган.

Ғарб давлатлари учун сайлов — демократиянинг ажралмас унсури. Айримларнинг фикрича, ўзининг демократик дунё билан умумийлигини таъкидлаб келаётган Украина эса бу сайловларни ўтказишга имконият топиши керак.

«Мен чиндан ҳам сиёсат ҳақида гапиришни истамайман, чунки урушда содир бўлаётган воқеалар муҳимроқ», — деган Зеленский. У яна бир бор уруш вақтида овоз беришни тақиқловчи қонунга ишора қилган.

Агар сайловлар ўтказилган тақдирда ҳам Украина амалдаги президентининг ташвишланишига ҳожат йўқ: ҳозир уни маъқулловчилар рейтинги 70 фоизга тенг.

«Агар ҳозир сайлов ўтказилса, мен ғалаба қозонар эдим», — деган Зеленский ўз рейтингига ишора қилиб. Шундан сўнг яна музокаралар ҳақидаги саволга қайтган.

«Бизнинг одамларимизни янчаётган танклар билан музокаралар музокара эмас, — деган Зеленский. — Макрон ва Шолц урушгача Путин билан гаплашиб кўришди. Путин ўшанда ҳеч қанақа бостириб кириш бўлмаслигига уларни ишонтирган. Бинобарин, у нимаики демасин, унга ишониш керак эмас».

«Уруш қачон тугашини украинлардан сўрашингиз у қадар адолатдан эмас, — дея қўшимча қилган Зеленский. — Биз уруш тугаши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Келинг, очиқча гаплашайлик: дунё Путиннинг мағлуб бўлишига у қадар тайёр эмас. Дунё Россиядаги ўзгаришлардан қўрқади. Дунё Путин барча қизил чизиқларни босиб ўтгани, у бутун дунёга таҳдид солувчи ноадекват одам экани, унинг бош режаси — НАТОни парчалаш эканини англаганида уруш ҳам тугайди».

Мавзуга оид