Жаҳон | 08:10 / 24.02.2024
6273
3 дақиқада ўқилади

Австрия собиқ канцлери ёлғон гувоҳлик берганликда айбдор деб топилди

Себастян Курц ўз иши бўйича суд қарорини адолатли деб ҳисобламаслигини ва апелляция муваффақиятли бўлишига умид қилишини айтди. Австрия ҳукуматининг собиқ раҳбари саккиз ойлик шартли жазога ҳукм қилинди.

Фото: Malte Ossowski / SVEN SIMON / Global Look Press

Австриянинг собиқ канцлери Себастян Курц суд томонидан «Ибица-гейт» деб номланувчи шов-шувли коррупция иши бўйича тергов олиб бораётган парламент қўмитасига ёлғон кўрсатма берганликда айбдор деб топилди. 23 феврал, жума куни жиноят ишлари бўйича Вена суди собиқ ҳукумат раҳбарини бу борада саккиз ойлик шартли муддатга ҳукм қилди.

Айблов ÖBAG давлат инвестиция ҳолдинги кузатув кенгашига тайинловларга тегишли, дея аниқлик киритади AFP. Шу билан бирга, Себастян Курц ўзининг ишончли одами Томас Шмидни ҳолдинг директорлар кенгашига тайинлаш айблови бўйича оқланди. 

Курцнинг вазирлар маҳкамаси собиқ раҳбари Бернхард Бонелли ҳам парламент қўмитаси олдида ёлғон кўрсатма берганликда айбдор деб топилди. Суд уни олти ойга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Иккала ҳолатда ҳам синов муддати - уч йил.

Суд мажлисида Курц ўз айбини тан олмаслигини таъкидлади. «Бу мени жуда ҳайратда қолдирди. Буни адолатли эмас деб ҳисоблайман», деди у кейинроқ ҳукмни шарҳлар экан. «Кейинги босқичда ўзимизни ҳақ эканлигимизни исботлашимизга жуда оптимистик қараяпман», - дея қўшимча қилди собиқ канцлер. Курцнинг адвокатлари аввалроқ апелляция бериш ниятини билдирган эди. 

Австриядаги «Ибица-гейт» можароси 

«Ибица-гейт» номи билан машҳур бўлган жанжал 2019 йилнинг май ойида бошланган ва Австрияда катта резонансга сабаб бўлган эди. Ўшанда 2017 йил июл ойида Испаниянинг Ибица оролидаги виллада яширин камера томонидан ёзиб олинган видео оммага тарқалди. Унда Австриянинг собиқ вице-канцлери Хайнц-Кристиан Штрахе 2017 йилги парламент сайловлари арафасида гўёки «россиялик олигарх жияни»га сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватлаш эвазига ҳукумат шартномаларини ваъда қилгани тасвирланган.

«Ибица-гейт» натижасида Себастян Курц 2021 йилда сиёсатдаги фаолиятини якунлади. Ҳозирда у бир қатор халқаро компанияларда ишлайди. Австрияда Курц давлат маблағларини ўзлаштиргани учун ҳам тергов қилинмоқда. 

Мавзуга оид