«Дунё» хабарига кўра, мулоқот чоғида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва мазкур жамғарма ўртасидаги алоқаларнинг янада фаоллашганини таъкидлади. Мамлакатда БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида боғдорчилик ва сутчилик йўналишида 100 мингдан зиёд қишлоқ аҳолиси манфаатдор бўлгани айтиб ўтилди.

«Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкоримиз деб биламиз. Сўнгги йилларда жамғарманинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳажми жадал суръатларда ошиб бораётгани қувонарли. Эътиборлиси, ўзаро алоқаларимиз янги босқичга чиқди. Бунинг ёрқин далили сифатида жамғарма ваколатхонасининг Тошкентда очилишини айтишимиз мумкин», – дея таъкидлади жамғарма раҳбари Альваро Ларио.

Жамғарманинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастури «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, унга ҳисса қўшиши, хусусан, фермерлар даромадини икки баробар оширишда ёрдам бериши урғуланди.

Томонлар келгусида мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилишда ушбу жамғарма салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ривожланаётган давлатларнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, деҳқон ва кичик фермерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга ихтисослашган молия институти ҳисобланади. Ўзбекистон 2011 йилда ушбу жамғармага аъзо бўлган.