Ўзбекистон | 08:21 / 24.02.2024
3487
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда электрдан ноқонуний фойдаланган ҳолда майнинг қурилмаларини ўрнатган хонадонлар аниқланди

Тошкент шаҳри ва вилоятида икки хонадон 940 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлагани аниқланди.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

“Ҳудудий электр тармоқлари” хабарига кўра, АЖ мутасаддилари, Тошкент ҳудудий филиали Қибрай туман электр таъминоти ходимлари ҳамда ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими вакиллари ҳамкорлигида Қибрай туманида навбатдаги рейд тадбири ўтказилган.

Унинг давомида “Байтқўрғон” МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи С.М. ўз уйида 3 дона майнинг криптоактивлари қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 579,4 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлаганлиги аниқланган.

Рейд давомида Мирзо Улуғбек тумани Алишеробод ҳудудидаги хонадонда яшовчи Ф.Р. ўз уйида 4 дона майнинг криптоактивлари қурилмаларини тижорат мақсадида электр таъминоти корхонаси “Электр ҳисоб”дан рўйхатдан ўтказмасдан электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 365,2 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлагани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани учун 63,6 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда президентнинг тегишли қарорларига асосан ноқонуний фойдаланилган майнинг фермаларига нисбатан 5 баробар ўсувчи коэффициент қўлланиб, 944,6 млн сўм маблағ ундиришга ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан далолатномалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид