
Эбботга кўра, Техас Миллий гвардияси учун қурилаётган ушбу бино Жо Байден сабаб юзага келган чегара инқирозига қарши курашиш учун хизмат қилади. «Игл-Пассдаги 80 акр майдонда барпо этиладиган оператив база Байден маъмурияти вақтида юзага келган ва кучайиб бораётган ноқонуний миграцияга қарши кураш доирасида чегара хавфсизлигини оширишга ёрдам беради», дейилади Техас губернатори маъмурияти баёнотида.
Матбуот анжуманида янги қурилажак ҳарбий базага Техас Миллий гвардиясининг 1800 нафар ҳарбийси жойлаштирилиши, эҳтиёж туғилганда эса қўшимча 500 ҳарбийни жойлаштириш имкони ҳам борлиги айтилди. Эббот бундай йирик база қурилишига сабаблар ҳақида гапирар экан, ҳарбийлар чегарадаги операциялар учун узоқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлаётганини айтди.

Шунингдек, янги базада Миллий гвардия зобитлари янада яхшироқ ҳаёт тарзида яшаши мумкин бўлишини қўшимча қилди. У ерда бирданига 700 киши овқатланиши мумкин бўлган ошхона, кир ювиш хонаси, дам олиш маскани, Wi-Fi, тиббий ва психологик хона бўлади.
«Президент Байден яратган чегара инқирозига қарши Техас Миллий гвардиясининг мард эркак ва аёлларисиз кураша олмаган бўлардик», деди матбуот анжуманида чиқиш қилган Грег Эббот.
Ҳозирда 3 минг нафар Техас ҳарбийлари ноқонуний миграцияга қарши кураш учун Мексика билан чегара яқинига жойлаштирилган.
Чегара можароси: Техас АҚШга қарши
Жо Байден АҚШ президентлигига келгач, чегара назорати сезиларли даражада юмшатилди. Оқибатда мамлакатга дунёнинг тўрт томонидан ноқонуний мигрантлар оқиб кела бошлади. Ҳар куни минглаб ноқонуний мигрантлар АҚШ чегараларини бузиб мамлакатга кира бошлади. Айниқса, Мексика билан чегарадаги Техас штатида жиддий муаммолар кузатилди.

Штат раҳбарияти ва хусусан республикачи губернатор Грег Эббот мамлакат президенти демократ Жо Байденнинг миграция сиёсатидан кескин норози бўлди.

















