Катта брендлар учи кўринмайдиган катта тоғ бўлиб кўринади кўзимизга. Аммо бу – империяга айланиб кетган компаниялар кўпинча бир кичик боланинг орзусидан бошланган бўлади. Шундан бола орзуси нечоғлик кучли нарса эканини билиш мумкин. Бола орзуси – миллий манфаатларга хизмат қилиши ва ҳатто инсоният тараққиётини таъминлаши мумкин.
Toyota тарихи ҳам бир боланинг орзусидан бошланган. Сакичи Тойода 1867 йилда дурадгор оиласида туғилган. У болалигидан ихтирочи бўлишни орзу қиларди. Аммо у оилада катта фарзанд эди ва анъана бўйича ота касбни давом эттириши керак эди. Шу билан бирга, бу пайтга келиб мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бераётганди ва анъаналардан чекиниш бошланганди. Натижада Сакичи ўз орзусини амалга оширишига имкон туғилади. У тўқув дастгоҳлари ясаш билан машғул бўлади ва қолган умрини шунга бағишлайди.
1894 йилда унинг ўғли – Киичиро дунёга келади. 20 йил ўтиб у отасига автоматик тўқув дастгоҳини яратишга ёрдам беради. 1930 йилда Сакичи вафот этади. Ривоятга кўра, Сакичининг болалик орзуси – автомобил яратиш бўлган ва вафотидан олдин шу иш билан машғул бўлишни ўғли Киичирога васият қилган.
Шундай бўлганми ёки йўқ – номаълум. Аммо факт шуки, ота-бола Тойодалар яратган автоматик тўқув дастгоҳига олинган патент Platt brothers & co номли инглиз компаниясига 100 минг фунт стерлингга сотилади ва бу пулларни Киичиро биринчи автомобилини яратиш учун сарфлайди.
Ва биринчи автомобил яратилди – «Model A 1». Ва биринчи юк ташувчи автомобил ҳам – «Model G1».
«Model A 1» 1936 йилда конвейерга қўйилди. Ўша йилдаёқ экспорт қилина бошланди. 1937 йилда автомобил ишлаб чиқариш департаменти асосий компаниядан ажралиб чиқди, у Toyota Motor Co деб номланди.
Орқароққа қайтамиз. Toyota ўз автомобилини нолдан ишлаб чиқармади – компания тарихи Америка машиналаридан нусха кўчиришдан бошланган. Аммо бу ҳам осон кечмаган – муҳандислар у ёки бу вазифани узоқ вақт бажара олмай юришар эди. 1936 йилда Toyota A автомобили юзага келди. У Америкада ишлаб чиқарилган Chrysler Airflow автомашинасининг кўчирмаси эди. Қуйма кузов, ўрта тўсиқсиз пешойна, дискалар, спицасиз ғилдирак – ҳаммаси сифатли қилиб чиқарилганди. Аммо автомобил қимматга тушгани боис атиги 1404 дона сотилган.
Аввалбошдан Тойодалар компанияси инновацион ёндашувларни қўллайди. Ҳали тўқув дастгоҳлари ишлаб чиқарилган пайтдаёқ бир ходимнинг ишида муаммо пайдо бўлса, бутун ишлаб чиқариш тўхтатилар эди. Шу тарзда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш эҳтимоли пасайтириларди. Бу тажриба автомашина ишлаб чиқаришда ҳам самарали қўлланади.







