Ўзбекистон | 16:03 / 27.02.2024
6612
2 дақиқада ўқилади

Корея гуручни тозалаш соҳасидаги илғор технологияларни Ўзбекистонга жалб қилади

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Жанубий Кореянинг Woomin компанияси ишлаб чиқариш ҳудудига ишчи сафари ташкил этилди.

«Дунё» хабарига кўра, ташриф давомида мазкур компания раҳбари О Жун Хван ҳамда мутасадди бошқарув вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, аввал ўтказилган музокаралар якуни билан эришилган келишувларга асосан ушбу компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва жараёнлари билан яқиндан танишилди.

Мазкур компания мутахассислари Ўзбекистонда гуруч маҳсулотини бошоқлардан тозалаш ва қадоқлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида 2023 йил сўнгида мамлакатга келиб, ўрганиш ишлари олиб борган. Ўрганишлар натижасида, мамлакатда гуручни қайта ишлаш жараёнларига замонавий технологияларни қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Суҳбат чоғида Woomin компанияси раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда мазкур замонавий технологияларни қўллаш эвазига гуруч маҳсулотлари сифатини ошириш ва энг аввало уни тозалаш жараёнларидаги йўқотишлар ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга эришиш мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бирга, компания Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бориш бўйича ҳуқуқий асосларни тайёрлаш ва юридик ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида жорий февраль ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонга сафар режалаштирилгани маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид