Ғарбий соҳилдаги расмий маъмурият (ФАТҲ), Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати ва Фаластиндаги бошқа сиёсий гуруҳлар етакчилари 29 феврал куни Москвага йиғилди. Бу – Фаластинда ички бирликка эришиш учун янги имконият бўлиши мумкин. Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бу учрашувнинг муҳим жиҳатларини шарҳлаб берди.

— Фаластин муаммосида тарихан Россиянинг роли қандай бўлиб келган?

— Россия эмас, Москва деганимиз маъқулроқ. 1947 йили Фаластин ва Исроил давлатларини тузиш ҳақида БМТ резолюциялари чиққанда совет иттифоқи бор эди. Собиқ иттифоқ Исроил давлати ташкил топиши бўйича резолюцияни қўллаган саноқли давлатлардан бири бўлган. 1945-1946 йилларда бу масала кўтарилганда Сталин рад этган, кейин эса рози бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдирган.

Сталиннинг яҳудийларга нисбатан фикри яхши бўлмаган, лекин шундай бўлса ҳам, сиёсий восита сифатида фойдаланиш учун рози бўлган: сабаби, бу ерлар асосан Буюк Британия колониялари бўлиб, унинг назоратида эди, совет иттифоқи эса Исроил давлати тузилишини қўллаш орқали у ерга кириб боришни мақсад қилган. 1917 йилдан кейин Қуддус атрофида жойлаша бошлаган яҳудийлар кейинчалик Британияга қарши чиқади, бизнинг давлатимизни тузиб беринглар, деган даъво билан. Британия эса араблар томонида эди позицион жиҳатдан. Қуддусда яҳудийларнинг радикал экстремистик гуруҳлари пайдо бўлади, бу вазиятдан фойдаланиб Сталин бу ерга кириб келмоқчи бўлди. У ҳолокост сабаб маълум муддат собиқ иттифоққа кўчиб келган яҳудийлар орқали Исроилда ўзига хайрихоҳ ҳукумат шакллантирмоқчи эди.

1947 йилда БМТ Хавфсизлик кенгашида бу резолюция биринчи ўқилишда қабул қилинмаган, кейинги ўқишда эса кенгашнинг вақтинчалик аъзо давлатлари орасидан резолюцияга қарши бўлганлар Сталиннинг босими билан йиғилишда қатнашиб, Исроил давлатини шакллантириш учун овоз берган. Сталиннинг умидлари катта эди, у Исроилда коммунистик ҳукумат тузмоқчи эди. Британия Исроил давлатини шакллантириш резолюциясида бетараф бўлган.

Бугунги расмий Москва Яқин Шарқдаги асосий ўйинчилардан эмас. 80-йиллар охири ва 90-йилларда Москва тарафида бўлган Ироқ, Сурия каби давлатлар бор эди, лекин 1947 йилда бу давлатлар бўлмаган, арабларнинг асосий геосиёсий йўналиши Ғарб эди. Шундай вазиятда яҳудийларни қўллаш Москвага имконият бўлиб кўринган.

Бугун араб давлатлари Вашингтон ва Лондондан узоқлашган, мустақил сиёсат юритмоқчи, Ғарб босимидан чиқиш учун Хитой ва Россияга қарашяпти, шу сабаб Пекин ва Москвага араблар билан мулоқот қилиш қулай.