Жаҳон | 14:25 / 05.03.2024
5182
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Жанубий Корея КХДР ядровий таҳдидига қарши машқларни бошлади

Жанубий Кореяда 11 кунлик ҳарбий манёврлар бошланди. АҚШ билан қўшма «Озодлик қалқони» машғулотларининг асосий элементи Шимолий Кореядан юзага келиши мумкин бўлган ядровий таҳдидга қарши туришни машқ қилишдан иборат.

Фото: Yonhap/picture alliance

Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар ўртасида «Озодлик қалқони» деб номланган йиллик қўшма ҳарбий машғулотлар режалаштирилганидек, 4 март, душанба куни бошланди, дея хабар беради Сеулдаги мудофаа вазирлиги.

11 кунлик манёврлар компютер симуляцияси бўйича ҳарбий тайёргарлик, шунингдек, дала машғулотларини ўз ичига олади. Бу йилги машғулотларнинг асосий элементи, Жанубий Кореяга кўра, КХДР томонидан юзага келиши мумкин бўлган ядровий таҳдидга қарши машқ қилишдан иборат. Қайд этилишича, манёврлар кучайган кескинлик, «ғарбий денгиз чегараси яқинида артиллерия отишмалари ва Пхеняндан бир қатор ракета учиришлар» фонида бошланди.

Жанубий Корея ва Япония Пхеняннинг ядровий ва ракета дастурларини ўзига тўғридан тўғри таҳдид деб ҳисоблайди, дея эслатади dpa агентлиги. Ўз навбатида, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин режими АҚШни душман давлат сифатида кўради.

«Озодлик қалқони» машқлари ҳақида 

Сеул ва Вашингтон мудофаа департаментларига кўра, «Озодлик қалқони» машқлари «мудофаа, жумладан кибер ва ахборот маконида, шунингдек, «жанг майдони»га айланиши мумкин бўлган космосда тенг даражада кўп ўлчовли дастурдир». 

Машғулотларга жалб этилган ҳарбий хизматчилар сони ҳозирча маълум қилинмаган. Айни пайтда, Жанубий Кореянинг Ренхап агентлиги маълумотларига кўра, 1953 йилдаги Корея сулҳ битимига риоя этилишини назорат қилувчи БМТ қўмондонлигига аъзо 12 давлат ходимлари манёврларда иштирок этади. Машқлар Нейтрал давлатлар кузатув комиссияси (NNSC) томонидан назорат қилинади. 

Ренхап эслатишича, «Озодлик қалқони-2024» машғулотлари Пхенян 2023 йил ноябрида чегарадаги кескинликни камайтиришга қаратилган 2018 йилдаги Кореялараро ҳарбий келишувни бекор қилганидан бери биринчиси бўлиб, ўша ҳаракат «Шимолнинг провокацион ҳарбий ҳаракатлар содир этиши мумкинлигидан хавотир уйғотади». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид