Жаҳон | 10:14 / 05.03.2024
2932
2 дақиқада ўқилади

Германия Rosneft Deutschland’ни сотиш режаларини тасдиқлади

«Роснефт» концерни немис активларини сотиш ниятида, деб хабар берди Malmendier Legal юридик фирмаси. 2022 йилда Rosneft Deutschland Германия ҳукумати томонидан ишончли бошқарувга ўтказилганди.

Фото: AFP / Kirill KUDRYAVTSEV

Россиянинг «Роснефт» концерни томонидан ёлланган Malmendier Legal юридик фирмаси ўз немис бизнесини Германия шарқидаги Шведт нефтни қайта ишлаш заводига сотиш режаларини тасдиқлади. «Тўғри, «Роснефт» Германиядаги активларини сотиш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда», — дея хабар берди компания 4 март, душанба куни Reuters ахборот агентлигининг сўровига жавобан. 

Жавобда, шунингдек, «Роснефт» ҳали ҳам Германияни энергия ташувчилар билан таъминлаши мумкинлиги, аммо бунинг учун сиёсий шароитлар ҳозирда қийинлиги айтилади. Сотишни осонлаштириш учун Германия ҳукумати ўзининг немис шуъба корхонаси Rosneft Deutschland назоратини Россия концернига қайтариши ва ишончли бошқарув муддатини узайтирмаслиги мумкин, аммо у узайтирилиши кутилмоқда, дея таъкидланади маълумотда. 

Берлин Rosneft Deutschland’ни миллийлаштириш имкониятини ўрганмоқда 

Аввалроқ Германия иқтисодиёт вазирлиги Rosneft Deutschland активларини миллийлаштириш имкониятларини ўрганаётгани маълум бўлганди, бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Россиянинг «Роснефт» концернига тўлиқ тегишли бўлган Rosneft Deutschland Бранденбург федерал еридаги Шведт нефтни қайта ишлаш заводи эгаларидан бири ҳисобланади.

Rosneft активлари 2022 йилда Россиянинг Украинага қуролли ҳужумидан сўнг, биринчи навбатда Берлин, унинг атрофи ва Полша ғарбий қисми учун энергия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Германия ҳукумати ишончли бошқарувига ўтказилди. Бошқарув муддати март ойида тугайди. Айрим сармоядорлар Германиянинг тўртинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводи бўлган Шведт заводига сармоя киритиш имкониятини Rosneft Deutschland компанияси кетиши билан боғламоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид