Жаҳон | 10:02 / 05.03.2024
5312
3 дақиқада ўқилади

Пентагон ҳужжатлари сизиб чиқишида айбланаётган Жек Тейшейра айбига иқрор бўлди

АҚШ Миллий гвардияси ҳарбийси Жек Тейшейра тергов билан келишувга эришди ва Америка ҳарбий департаментининг махфий ҳужжатларини ошкор қилишда айбини тан олди. У деярли 17 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Фото: straitstimes.com

АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбийси Жек Тейшейра тергов билан келишувга эришди ва Америка ҳарбий департаментининг махфий ҳужжатларини ошкор қилишда айбини тан олди. Бу ҳақда 4 март, душанба куни Америка ОАВ хабар берди.

22 ёшли Тейшейра жосуслик тўғрисидаги қонунга биноан миллий мудофаа тўғрисидаги маълумотларни қасддан эгаллаш ва узатишда айбдор деб топилди. Бу Миллий гвардия ходими Пентагонга оид махфий маълумотларнинг сизиб чиқишини уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинганидан деярли бир йил ўтиб содир бўлди. Айбдорлигини тан олиш эвазига прокурорлар Тейшейрани бошқа жосуслик қонунини бузганликда ёки бошқа жиноятларда айбламасликка келишиб олди. 

Массачусетс округи судьяси Индира Талавани Бостон федерал судида сентябр ойига ҳукм чиқарилишини белгилади. Тейшейра 11 йилдан қарийб 17 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин - давлат айбловчилари аввалроқ унга энг юқори жазо тайинланишини айтган эди. 

Украинадаги уруш бўйича АҚШ разведка маълумотлари сиздирилиши 

Жек Тейшейра 2023 йил 13 апрелда геймерлар орасида машҳур бўлган Discord ижтимоий медиа платформасидаги Thug Shaker Central чат гуруҳида пайдо бўлган махфий ҳужжатларнинг сизиб чиқиши муносабати билан қўлга олинган. АҚШ расмийларига кўра, Тейшейра биринчи марта 2022 йил октябр ойида у ерда махфий маълумотларни жойлаштирган. 

New York Times газетасига кўра, Тейшейра иштирок этган махфий маълумотларнинг биринчи чиқарилиши 2022 йилнинг февралида, Украинада уруш бошланганидан кўп ўтмай содир бўлган. Россия ҳужуми бошланишидан 48 соат ўтмай, профили Тейшейранинг профилига мос келадиган фойдаланувчи бошқа Discord чат гуруҳида «Пентагон ҳисоботини кўрганлиги, унда Россия қуролли кучлари учдан бир қисми ҳужум учун фойдаланилаётгани» ҳақида ёзган. Фойдаланувчи қўшимча қилишича, у АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка бўлимида хизмат қилади. Бошқа хабарларда Тейшейра Украинага қайси давлатлар ҳарбий ёрдам бераётгани ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди ва ҳарбий режалар бўйича разведка маълумотларини жойлаштирди.

Массачусетс штати Отис ҳаво кучлари базасидаги 102-разведка қанотидаги Тейшейранинг 15 нафар сафдоши махфий маълумотлар оммавий равишда сизиб чиқиши туфайли интизомий жазога тортилди. Ҳаво кучларининг ички текшируви шуни кўрсатдики, улар сизиб чиқиш олдини олиш учун зарур чораларни кўрмаган. 

Мавзуга оид