— Аввалига Днестрбўйи билан боғлиқ можаро тарихига тўхталсак.

Жаҳонгир Акрамов: — Днестрбўйи тарихи Россиянинг Усмонли турклар билан муносабатлари тарихига бориб тақалади. Бу ерларда олдиндан бир нечта халқлар аралашиб яшаган, румин халқлари, Валахия князлиги бўлган, туркий қипчоқ ва бижанаклар бўлган. Рус-турк уруши натижасида 19-асрдан бошлаб Бессарабия князлиги Россия таркибига ўтади ва шу даврда Россия бу ҳудудда ички аҳоли таркибини руслаштириш учун Россия ичкарисидан рус ва бошқа миллатларни кўчириб ўтказади. Биринчи жаҳон урушида Россиянинг оғир аҳволидан фойдаланган Руминия Бессарабиянинг катта қисмини ўзига қўшиб олади. 1924 йилда Бессарабияда Молдова совет республикаси тузиш илгари сурилади, бундан мақсад Россия империясининг олдинги ҳудудларини қайтариш эди. 1940 йилда Ғарбий Европа уруш билан банд бўлиб турганда Россия Руминиядан Бессарабияни қайтаришни талаб қилади ва ҳудудни қайтиб олади. Бу ҳудудда Молдова совет республикаси ташкил этилади.

Молдован миллати деган тушунча нисбий, чунки улар руминлар билан деярли битта миллат. Руминлардан ажратиш сиёсати билан ёзувини кирилл ёзувига ўтказган СССР ҳукумат. 1985 йилдан кейинги қайта қуришда Молдавияда румин тилини қайта тиклаш масалалари кўтарилади ва Россия томондан, бошқа жойлардан кўчиб келган Днестрбўйи аҳолиси бундан хавотирланди, ҳуқуқларимиз поймол бўлади деб ўйлашди ва бу миллатчилик курашига олиб келди.

Камолиддин Раббимов: — Горбачёв ҳокимиятга келгач, қайта қуриш бошланди, бу эса Совет иттифоқида музлаб ётган муаммолар эришига, миллий давлатлардаги баҳсли ҳудудлар, сепаратизмга мойил ҳудудларда конфликтлар бошланишига йўл очади. Совет иттифоқидаги энг кичик республикалардан бири Молдова эди. Молдова ташкил топаётганда Украинанинг маълум бир қисми қўшиб берилган. 80 йиллар охири, 90 йиллар бошида Днестр дарёси бўйидаги ҳудудларда нега биз Молдова таркибида қолишимиз керак, деган сепаратизм тенденцияси бошланади. Дунёдаги сепаратизм асосида муҳим ўзлик туради: диний бошқача қараш, тил билан ажралиб туриш, этник ажралиб туриш каби омиллар. Лекин Днестрбўйида молдованлар, руслар ва украинлар бор, лекин сиёсий элита кўпроқ Москвага сиёсий йўналиш олган.

1992 йилдан бошлаб бу ерда каттагина уруш бўлади. Баъзи маълумотларга кўра, юзлаб-минглаб одамлар ҳалок бўлган. Молдовага қўшилмаган ўша даврдан ўзи Молдованинг аҳолиси ҳам 2,5 млндан ошиқ, кўп эмас. Майдони эса жуда кичкина, 33 минг 846 км/кв , Ўзбекистондан тахминан 15 баробар кичик. Днестрбўйи эса охирги вақтларда Молдовага, ЕИ, Руминияга ва Украинага таъсир қилиш воситаси бўлиб қолган.