Жаҳон | 13:33 / 08.03.2024
6411
3 дақиқада ўқилади

Кэмерон Германияни Киевга узоқ масофали ракеталар етказиб беришга чақирди

Британия ташқи ишлар вазири TAURUS етказиб бериш Украинадаги урушнинг кучайишига олиб келмаслигига ишонч билдирмоқда. Агар сиз мамлакатга ноқонуний тажовузни қайтаришда ёрдам бермоқчи бўлсангиз, унда иккиланиш ўринсиз, дейди Дэвид Кэмерон. 

Фото: Reuters

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Германияга ташрифи чоғида Украинага узоқ масофали ракеталар етказиб беришга чақирди. «Узоқ масофага учувчи қуроллар ҳақида гап кетганда, Британия тажрибасидан шуни айтишим мумкинки, бундай қуроллар Украинага ноқонуний тажовузни қайтаришда самарали ёрдам берган», деди у 7 март, пайшанба куни Берлинда немис ҳамкасби Анналена Бербок билан учрашувдан сўнг

Лондон, бошқа қуроллар қаторида, Украинани узоқ масофага учувчи Storm Shadow ракеталари билан таъминлайди. Шу билан бирга, Германия канцлери Олаф Шолц узоқ масофага учувчи TAURUS ракеталарини Киевга топширишга рози эмас, чунки Германия урушга тортилиши мумкин. Кэмерон Украинага янги қурол тизимларини етказиб бериш урушнинг авж олишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрни кескин рад этди. 

«Бундай баҳслар икки йил аввал Россия ҳужумидан кейин кўп бўлиб ўтган. Масалан: «Агар сиз Украинани танкка қарши қурол билан таъминласангиз, эскалация бўлади», дейишди. Йўқ, бундай бўлмади. Улар агар сиз Украинага танк берсангиз, эскалация бўлади, Украинага узоқ масофали артиллерия ёки узоқ масофали ракеталарни берсангиз, эскалация бўлади, деди. Йўқ, ҳеч нарса бўлмади», деди Кэмерон. 

Кэмерон: Вазият кучайишидан қўрқиш асоссиз 

«Агар биз мамлакатни ноқонуний ва мутлақо асоссиз тажовуздан ҳимоя қилишда ёрдам бериш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак. Биз НАТО аскари россиялик аскарни ўлдирган вазиятга тушиб қолмагунимизча вазиятни кескинлаштиришга ҳисса қўшмаймиз, аммо Украинага ўзини ҳимоя қилишга ёрдам берамиз», — дея қўшимча қилди Британия вазири. 

Россиянинг немис ҳарбий офицерлари телефонларини тинглаши билан боғлиқ жанжал фонида Кэмерон ва Бербок НАТО ҳамжиҳатлигини таъкидлади. «Россия президенти Владимир Путин иттифоққа ихтилоф солиб, бизнинг демократиямизга атайлаб путур етказмоқчи, бироқ қатъиятимиз ва бирдамлигимиз билан бунга қарши турамиз ва Путиннинг бизни қўрқитишига йўл қўймаймиз», деди Анналена Бербок. 

Мавзуга оид