Роберт Хабек АҚШнинг Украинага ёрдами бўйича тўсиқларни олиб ташлашга чақирди
Ғарбнинг Украинага кўмаги заифлашмаслиги керак, деди Германия Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари. Киевга ёрдам Европадан ҳам, АҚШдан ҳам келиши лозим, деди Хабек.
Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек АҚШга ташрифи чоғида Американинг Украинага ёрдами бўйича тўсиқларни олиб ташлашга чақирди. «Германия Россия агрессиясига учраган давлатдан ўзини қарздор деб ҳисоблайди ва ўз сўзини бажаради. Ғарб эркин дунёси томонидан қўллаб-қувватлаш сусаймаслиги керак. Ишончим комилки, АҚШ ҳам худди шундай позицияда», - деди у 7 март, пайшанба куни АҚШ молия вазири Жанет Йеллен билан Вашингтондаги учрашувда.
«Украинани қўллаб-қувватлаш Европадан келиши керак, у Қўшма Штатлардан бўлиши керак. Шунинг учун тез артиллерия ишлаб чиқариш, ҳарбий ёрдам ва мамлакатни тиклаш учун пул топиш лозим», - дея таъкидлади АҚШда уч кунлик ташриф билан бўлган Хабек.
Ўз навбатида, Йеллен АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонни республикачилар томонидан блокланган Украинага 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллашга чақирди. Республикачилар бунинг эвазига АҚШнинг Мексика билан чегарасини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни талаб қилмоқда.
Россия мулкларини мусодара қилиш
Роберт Хебек америкалик сиёсатчиларнинг Россия Украинага ҳужуми ортидан музлатилган Россия Марказий банки активларидан кенгроқ фойдаланиш ҳақидаги чақириқларини рад этиб, Европада бундай қадам АҚШдагидан фарқли натижаларга олиб келишини тилга олди. Гап Европа валютасининг барқарорлиги ҳақида бормоқда, дея тушунтирди у.
Шу пайтгача Европа давлатлари фақат Россия активларидан тушган фойда фоизларини мусодара қилишга тайёрлигини билдирган. Бунинг сабаби, агар Россия активлари мусодара қилинса, бошқа мамлакатлар ҳам ўз маблағларини хавф остига қўйиши мумкинлиги ва облигацияларнинг оммавий чиқариб олиниши евро барқарорлигига путур етказиши эҳтимолидан хавотирланишдир.
Жанет Йеллен Украинанинг Германия ва Европа томонидан қўллаб-қувватланаётганини, шунингдек, Россияга қарши ЕИ санкцияларини олқишлади. «Шу билан бирга, Россия ҳарбий амалиётларни давом эттириш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарларни қўлга киритмаслиги учун биз ҳушёр бўлишимиз керак. Санкцияларни амалга ошириш учун саноат ва молия сектори билан яқинроқ ҳамкорлик қилиш зарур», - деди АҚШ молия вазири.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024