Мумбай – аҳолиси 20 миллиондан ошадиган, автоуловлари ҳам бир неча миллион, аксар ҳинд миллионерлари яшайдиган, қашшоқлари сони ҳам миллиондан ошадиган кам сонли дунё шаҳарларидан бири, атроф-муҳитга миллионлаб тонна чиқинди чиқарадиган мегаполис. Kun.uz'нинг Ҳиндистон экологияси бўйича мустақил ўрганишлари Деҳлидан кейин, яна бир ҳавоси ифлосланган шаҳар – Мумбайда давом этади.

Хариталардаги Ҳиндистон

Ҳинд океани билан ярим қуршаб олинган Ҳинд яриморолидаги Ҳиндистоннинг аксар қисми харитадан қараганда ям-яшил кўринади. Бомбей ҳам худди шундай табиат ранги тусида.

Энди дунёнинг экологик харитасидан бу яриморолга назар солсак, аҳвол бунинг тескариси. Мумбай ҳавоси бузилган дунё шаҳарларидек қип-қизил рангга бўялган. Бу тус эса яшаш учун хавфли даражага ишора.

Мумбай денгизнинг у қирғоғидаги Дубай, Абу-Даби каби шаҳарлардан деярли фарқ қилмайдиган, улардан қолишмайдиган даражада ривожланган ва порт шаҳар эканлиги фойдасига пул айланмаси анча катта.

Британия Ҳиндистони давридан қолган салобатли архитектура асарларидан ҳозирги замонавий осмонўпар биноларгача ҳар бир детал мукаммал уйғунлик касб этади. Деҳлига нисбатан анча тартибли шаҳар барча заруратлар учун имкониятлар макони, фақат тоза ҳаво масаласида истиснолар кўп.

Харобадаги Дҳарави

Сабабларни изларканмиз, Мумбайдаги экологик мувозанатнинг бузилишида ҳиссадорлардан бири бўлган мавзу ичидаги катта бир мавзудан гапни бошламасак бўлмайди – Дҳарави...

Шаҳар четидаги харобалар жойлашган Дҳарави турар жой даҳаси дунёнинг қашшоқлари энг кўп яшайдиган ва одамлар энг зич жойлашган ҳудудларидан бири – 200 гектардан сал ошадиган кичик ҳудудда тахминан 1 млн одам яшайди. Уйлар асосан 1 хонали бўлиб, ўртача 15 квадрат метрли хонадонларда бешдан ўн беш кишигача одамлар истиқомат қилади.